Эҳтиёжманд оилага янги уй совға қилинди

News Image

Янги йил арафасида Навоий вилояти Учқудуқ туманида инсонпарварлик ва саховат тимсолига айланган яна бир хайрли иш амалга оширилди. “Ишонч Феруз” хусусий корхонаси раҳбари Ҳусниддин Нормуродовнинг ташаббуси билан бир эҳтиёжманд оилага замонавий, тўлиқ жиҳозланган уй совға қилинди.

Ушбу эзгу амал туфайли туман аҳолиси орасида қийин ижтимоий шароитда яшаётган Ноила Икромова ва унинг фарзандлари янги хонадонга эга бўлди. Бу оила аъзолари учун Янги йил арафасидаги энг қувончли совға бўлди.

Янги уй калитини топшириш маросимида меҳмонлар оилани Янги йил билан табриклаб, уларга эзгу тилаклар билдирди.

Замонавий кўринишда барпо этилган уй зарур маиший жиҳозлар билан таъминланган бўлиб, унда яшаш учун барча шарт-шароитлар яратилган.  

Туман ҳокимлиги томонидан Янги йил байрами муносабати билан совғалар ва озиқ-овқат маҳсулотлари топширилди. Бу эса оила учун қўшимча қувонч ва эътибор бўлди.

Бундай хайрли ташаббуслар жамиятда меҳр-оқибат, инсонпарварлик ва ижтимоий ҳамжиҳатликни янада мустаҳкамлашга хизмат қилиши шубҳасиз.

2026-01-02 |

Янгиликлар