Меҳр ва эътибор

News Image

3 декабрь –Халқаро ногиронлар куни

Бухорода сана муносабати билан “Уч авлод учрашуви” ўтказилди. Унда вилоятда яшовчи Ногиронлар жамияти, Карлар жамияти, Кўзи ожизлар жамияти, Афғончилар бирлашмаси, Чернобилчилар бирлашмасининг аъзолари, нуронийлар, жамоатчилик вакиллари ва ёшлар қатнашди.

Тадбирда сўз олган вилоят ҳокими Ботир Зарипов кексаларни ҳурмат қилиш, имконияти чекланган шахсларга эътибор ва ғамхўрлик кўрсатиш Янги Ўзбекистонда давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланганини таъкидлади.

Мамлакатимизда ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳаёт сифатини ошириш, улар учун қулай меҳнат ва турмуш шароитларини яратиш, кафолатли ижтимоий ва моддий таъминотни ташкил этиш борасида қатор ислоҳотлар амалга оширилмоқда.

Ислоҳотлар натижасида вилоятдаги 242 минг  нафарга яқин кекса авлод вакиллари, жумладан, 23 минг 588 нафар ногиронлиги мавжуд кексалар, 4 нафар Иккинчи Жаҳон уруши фахрийси, 110 нафар меҳнат фронти фахрийлари, 35 нафар юз ёшдан ошганлар бугун давлатимизнинг кафолатли ижтимоий ҳимояси остида умргузаронлик қилмоқда.

Хусусан, биргина жорий йилнинг ўзида “Нуроний” жамғармаси вилоят бўлими маблағлари ҳисобидан 52 нафар ўзгалар парваришига муҳтож бўлган ёлғиз кексалар санаторийларга юборилди. 775  нафар ногиронлиги бўлган кексалар махсус аравачалар, 308  нафари эшитиш мосламалари, 118 нафари қўлтиқтаёқ ва 299 нафари ҳасса билан таъминланди.

Шунингдек, ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда уларнинг юртимиз сўлим гўшалари ва зиёратгоҳларига саёҳатларини ташкил этиш, театр ва бошқа маданий тадбирларга жалб этиш, улар орасида спорт мусобақалари ташкил этиш тадбирлари ҳам узвий давом этмоқда.

Тадбир давомида юртдошларимиздан бир гуруҳи вилоят ҳокимлигининг ташаккурнома ва қимматбаҳо совғалари билан тақдирланди.

Вилоят санъат усталарининг концерт дастури эса барчага байрамона кайфият улашди.

2025-12-03 |

Янгиликлар