Мурожаат тадбиркор фойдасига ҳал бўлди

News Image

Кейинги йилларда мамлакатимизда тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш, хусусий секторга кенг йўл очиш, бизнес эгалари олдида турган муаммоларни ўз вақтида бартараф этиш, уларга ҳар томонлама кўмаклашишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Президент ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил ҳамда Наманган вилояти солиқ бошқармаси бошлиғининг ишбилармонлар билан ўтказган учрашувида ҳам айни шу ҳақда сўз борди.

Вилоят инвестиция, саноат ва савдо бошқармасида ташкил этилган тадбирда ишбилармонлик муҳитини яхшилаш, экспорт ва инвестиция салоҳиятини ошириш, янги истиқболли лойиҳаларни амалга ошириш ҳамда хорижий сармоядорларнинг қонуний манфаатларини ҳуқуқий жиҳатдан муҳофаза қилиш масалалари атрофлича муҳокама қилинди.

Ўттиздан ортиқ субъект вакиллари иштирок этган мулоқотда хусусий сектор ривожига доир бир қатор таклиф ва ташаббуслар ўртага ташланди. Билдирилган долзарб масалалар тегишли ташкилотлар мутасаддилари томонидан диққат билан эшитилди ва бу борада аниқ амалий чора-тадбирлар белгиланди.

Жумладан, Давлатобод туманида жойлашган вилоятдаги йирик экспортёр корхоналардан бири “Fazman texstil” масъулияти чекланган жамият раҳбари Тоҳиржон Жўраев томонидан солиқ ставкасини камайтириш, қуёш панели ўрнатилган ерга нисбатан имтиёз берилмагани юзасидан қилган мурожаати ўз ечимни топди.

Шу ўринда таъкидлаб ўтиш даркор, бугунги кунда ишбилармон юртдошларимизнинг  фаолияти эвазига ҳудудларда юзлаб янги бўш иш ўринлари яратилмоқда. Албатта, жойларда ўтказилиб келинаётган бундай  очиқ мулоқотлар эса тадбиркорлик фаолиятини кенгайтириш, истиқболли лойиҳаларни амалиётга татбиқ этиш, янги ғоя ва ташаббусларни амалга оширишда қўл келмоқда.

2025-07-23 |

Янгиликлар