Сайёр қабул: ҳокимлар фуқаролар муаммоларини тинглади

Пойтахтимизда ҳокимликлар томонидан фуқаролар билан оммавий сайёр қабул бўлиб ўтди. Унда Тошкент шаҳар ҳамда Олмазор туманлари ҳокимликларининг раҳбарлари ҳамда тумандаги ташкилотлар мутасаддилари иштирок этди.
Қабул давомида ўз муаммоли масалаларини ҳал этиш мақсадида келган фуқароларнинг мурожаатлари, таклиф ва мулоҳазалари тингланди. Аксарият мурожаатлар жойида ижобий ҳал этилди.
Жумладан, фуқаролардан ишга жойлашиш, уй-жой, ер ва бўш бино, банк кредити олиш, электр тармоғи тортиш, даволаниш учун ёрдам, коммунал хизматларга уланиш каби масалалардаги мурожаатлар келиб тушди.
Ечими ўрганиш ва вақт талаб этадиган масалалар юзасидан тушунтириш ва тавсиялар, масъул раҳбарларга эса аниқ топшириқ ва кўрсатмалар берилди.
Шунингдек, Мирзо Улуғбек туманида ҳам туман ҳокими томонидан сайёр қабул ўтказилиб, фуқароларнинг мурожаатлари тингланди. Ушбу мурожаатларнинг ечими бўйича туман ҳокимлигида қатъий назорат ўрнатилган бўлиб, муаммоли масалаларни шахсан туман ҳокими жойига чиққан ҳолда ўрганди.
Жумладан, "Олий ҳиммат" МФЙ биносида ўтган қабулда “Навниҳол” маҳалласи фуқароларининг икки қаватли уйларнинг “реновация”га тушиши тўғрисида мурожаатлари тингланди. Туман ҳокими масалага ойдинлик киритиш учун жойига чиққан ҳолда мурожаатни ўрганди.