Онлайн қабул – фуқаролар учун катта қулайлик

Қорақалпоғистон Республикаси суди раиси К. Тарихов Амударё ва Тўрткўл туманлари фуқаролари учун онлайн қабул ташкил этди. Унда аҳолининг суд-ҳуқуқ масалаларига оид турли мурожаатлари тингланди ва уларга ҳуқуқий ҳамда амалий тавсиялар берилди.
Видеоконференц алоқа режими орқали ташкил этилган онлайн қабулда фуқаролар ўзларини қизиқтирган ҳуқуқий масалалар, жумладан, мерос, оилавий низолар, мулк ҳуқуқлари, ишдан бўшатиш, суд қарорларини ижро этиш билан боғлиқ муаммолари юзасидан мурожаатлар йўллади.
Таъкидланганидек, суд-ҳуқуқ соҳасида фуқароларнинг мурожаатларини бевосита эшитиш, уларга ҳуқуқий маслаҳатлар бериш ва муаммоларини ҳал қилишга кўмаклашиш давлат органларининг асосий вазифаларидан бири саналади. Шу маънода, Қорақалпоғистон Республикаси суди томонидан йўлга қўйилган онлайн қабуллар фуқаролар учун катта қулайлик яратмоқда. Жумладан, жисмонан суд биносига бориш имконияти йўқ ёки узоқ ҳудудда яшовчи фуқаролар онлайн мулоқот орқали ўз муаммосини осон етказиш имкониятига эга бўлмоқда. Бу эса суд тизимининг одамлар ичига чуқурроқ кириб бориши, халқ дардига қулоқ тутиши ва ҳаётий муаммоларни адолат асосида ҳал этишга интилаётганидан далолат беради.
Суд раиси томонидан ҳар бир мурожаат алоҳида кўриб чиқилиб, фуқароларга қонунчилик доирасида асосли тушунтиришлар берилди. Айрим ҳолларда мурожаат қилишга асос бўлган вазиятлар юзасидан суд ҳужжатлари қайта ўрганилиши ва тегишли органларга илтимоснома юборилиши белгиланди.
Онлайн қабул жараёнида фуқароларнинг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш мақсадида уларга амалдаги миллий қонунчилик, фуқаролик-процессуал ва маъмурий иш юритиш тартиби, мурожаат этиш ҳуқуқлари ҳақида қўшимча маълумотлар ҳам берилди.
Мақсад – фуқаролар билан очиқ мулоқот қилиш, суд органлари ва аҳоли ўртасида очиқлик, ишонч ва ўзаро мулоқотни кучайтиришдир. Бундай ташаббуслар фуқароларнинг узоғини яқин қилиш, оғирини енгиллаштириш, энг муҳими, суд органлари фаолиятининг очиқлиги, шаффофлиги ва фуқароларнинг судга бўлган ишончини мустаҳкамлашда муҳим омил ҳисобланади.