Ижтимоий-иқтисодий масалалар ва маҳаллалар инфратузилмасини яхшилаш билан боғлиқ мурожаатлар эътиборда

News Image

Юртимиз ҳудудларида аҳолининг ижтимоий-иқтисодий масалаларини ҳал қилиш, маҳаллалар инфратузилмасини яхшилаш каби қатор йўналишларда амалий ишлар олиб борилмоқда.

Президент Администрацияси ва Халқ қабулхонаси бошчилигидаги Республика ишчи гуруҳи ўз фаолиятини Қорақалпоғистон Республикаси, Наманган, Қашқадарё ва Самарқанд вилоятларида давом эттирди.

Ўттизга яқин вазирлик ва идора вакилларидан ташкил топган Республика ишчи гуруҳи фаолияти давомида Президент виртуал ва Халқ қабулхоналарига келиб тушган мурожаатлар ҳамда сайёр қабуллар, хонадонбай ўрганишларда кўтарилган муаммоларни ҳал қилмоқда.

Айни мақсадда ўтган бир ҳафта давомида жами 240 дан зиёд оммавий сайёр қабул ташкил этилди. Уларда 3 мингга яқин мурожаат келиб тушган бўлиб, мингдан зиёди жойида ижобий ҳал этилди. Ўрганиш учун вақт ва катта маблағ талаб этадиган мурожаатлар Республика ишчи гуруҳи назоратига олиниб, уларга ечим топиш бўйича тегишли вазирлик ва идораларга кўрсатмалар берилди.

Очиқ мулоқотлар давомида фуқаролардан асосан жойларда коммунал ва ижтимоий инфратузилмани яхшилаш, бандлик, моддий ёрдам, соғлиқни сақлаш соҳалари билан боғлиқ масалалар юзасидан мурожаатлар келиб тушган. Жумладан, масъуллар ёрдамида жойларда ички йўлларни талаб даражасига келтириш учун 70 километрга яқин йўллар шағаллаштирилди, 20 километрдан зиёдига асфальт қопламаси ётқизилди.

Электр таъминоти борасида 150 дан зиёд трансформатор янгисига алмаштирилди ёки капитал таъмирланди, мингга яқин янги темир-бетон таянч устуни ўрнатилиб, янги СИП кабеллар тортилди. 

Газ таъминоти бўйича эса 200 дан ортиқ газ тақсимлаш пункти, қувурлар капитал таъмирланиб, соз ҳолатга келтирилди. 

Айниқса, аҳолини ичимлик ва экин суви билан таъминлаш энг муҳим масалалардан бўлиб, ҳудудларда йўналишдаги ҳолатни яхшилаш мақсадида янги сув иншоотлари ўрнатилди, 10 дан зиёди таъмирланди.

Шунингдек, қувурлар соз ҳолатга келтирилиб, 179 километр лоток, ариқ ва зовур чиқиндилардан тозаланди ҳамда муҳим қисмлари бетонлаштирилди.

Бундан ташқари, санитария ва экологик аҳволи оғир бўлган 150 дан зиёд ижтимоий соҳа объекти тартибга келтирилди. 

Республика ишчи гуруҳи вакилларининг эътибор марказидаги асосий масалалардан яна бири ишсизлик ва камбағаллик даражаси юқори бўлган маҳаллаларда фуқароларга амалий кўмар кўрсатишдир.

Бу борада 108 та маҳаллада “Оилавий тадбиркорликни ривожлантириш” дастури доирасида, Сайхунобод, Уйчи, Зарбдор ва Ғиждувон тажрибалари асосида янги лойиҳаларни амалга ошириш, ёшларга қўшимча иш ўринларини яратишга амалий ёрдам кўрсатилди. Айни мақсадда эса қўшимча меҳнат ярмаркалари ташкиллаштирилди. 

Мисол учун, “Оилавий тадбиркорликни ривожлантириш” дастури доирасида 753 нафар фуқарога имтиёзли кредитлар ажратилиши таъминланди. “Ғиждувон тажрибаси” асосида эса 89 та лойиҳа ишга туширилди ва натижада 637 та янги иш ўрни яратилди.

Кўрилган чора-тадбирлар ва ўтказилган меҳнат ярмаркалари натижасида камбағал оилаларга бандлик ва даромад манбасини яратиш, турмуш даражасини яхшилаш учун моддий шароитлар яратилди. Ишсиз бўлган 7 ярим мингга яқин аҳоли мавсумий ва доимий ишга жойлаштирилди, 600 га яқин фуқаро малакасини ошириш учун бепул ўқишга йўналтирилди. 

Соғлиқни сақлаш ва мустаҳкамлаш мақсадида жойларда деярли 78 минг аҳоли учун чуқурлаштирилган тиббий кўриклар ўтказилди. Натижада, мингга яқин фуқарога Республика ихтисослаштирилган марказларга даволаниш учун ордер, 255 нафарига ногиронлик аравачаси, 328 нафарига протез-ортопедия воситалари етказиб берилди. 

Бундан ташқари, аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш мақсадида маҳаллаларда арзонлаштирилган озиқ-овқат ярмаркалари ташкил этилди. 

2025-05-13 |

Янгиликлар