Сайёр қабул: ёшларнинг бир қатор муаммолари ҳал этилди

News Image

Ёшларни ҳарбий ватанпарварлик руҳида тарбиялаш борасида тизимли ишлар йўлга қўйилган бўлиб, уларнинг иқтидорларини аниқлаш ва қизиқишлари бўйича касбга йўналтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Миллий гвардия Жиззах вилояти бўйича бошқармаси томонидан ўтказилган тадбир айни ушбу мақсадларга қаратилди.

Миллий гвардия Жиззах вилояти бўйича бошқармасида Президентимизнинг жорий йил 14 февралдаги ёшлар билан очиқ мулоқоти чоғида билдирган фикрлари ва улар учун яратилаётган кенг имкониятлар тўғрисидаги маълумотларни Миллий гвардияга бириктирилган ёшларга етказиш мақсадида “Раҳбар ва ёшлар” учрашуви ўтказилди.

Тадбир давомида ёшларнинг мавжуд муаммоларини аниқлаш ва уларни ҳал этиш мақсадида бошқарма бошлиғининг сайёр қабули ўтказилди. Қабул натижаларига кўра бир қатор ёшларга спорт секцияларига бепул иштирок этишлари учун йўлланмалар берилди. Шунингдек, 2 нафар ёшнинг саломатлигини тиклашга кўмаклашиладиган бўлди. Яна бошқа муддат талаб қиладиган мурожаатлар юзасидан тегишли идора ва ташкилотлар билан чора-тадбирлар белгилаб олинди.

Тадбирнинг иккинчи қисмида ёшлар учун очиқ эшиклар куни ҳам ўтказилди. Ҳарбий хизматчилар томонидан ҳарбий-техника, анжом-аслаҳалар, тоғ тайёргарлиги ва тиббий тайёргарлик бўйича кўргазмали машғулотлар ташкил этилиб, ёшлар ушбу машғулотларда куч-ғайратларини ва шижоатларини синаб кўрди. Шу билан биргаликда, ўғил-қизлар учун спортнинг камондан отиш тури бўйича маҳорат дарслари ҳам ўтказилди.

Юртимиз бўйлаб ташкил қилинаётган бу каби тадбирлар ёшларнинг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш, бўш вақтларини мазмунли ўтказиш ҳамда уларни ватанпарварлик руҳида тарбиялашда алоҳида аҳамият касб этади.

2025-04-15 |

Янгиликлар