Ҳоким ижод мактабида бўлди

News Image

Сирдарё вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи Эркинжон Турдимов давлатимиз раҳбарининг 2019 йил 19 февралдаги таклифига асосан Гулистон шаҳрида қурилиб фойдаланишга топширилган Ҳалима Худойбердиева номидаги ижод мактабида ўқиётган ўқувчилар билан учрашди. Ушбу учрашувда вилоят раҳбари мактабда яратилган шарт-шароитлар билан яқиндан танишиб, ўқувчиларнинг билимларига баҳо берди.

Учрашув аввалида ижод мактабида ташкил этилган Ҳалима Худойбердиева музейига ташриф буюрилди. Шоиранинг ҳаёти билан боғлиқ кўплаб экспонатлар кўздан кечирилди. Музейда мактаб ўқувчиларидан бири– Одинахон Йўлчиева ҳар бир экспонат ҳақида ўзбек ва инглиз тилларида маълумот берди. Бу вилоят раҳбарида ижобий таассурот қолдирди. \

Шундан сўнг вилоят раҳбари тажрибали биология ўқитувчиси Шерзод Нурматов томонидан ўтилаётган биология дарси ва Абдужаббор Тошматов томонидан ўтилаётган информатика дарсларида қатнашди. Ўқувчилар билан суҳбатлашиб, давлатимиз раҳбари томонидан ўқитувчи ва ўқувчилар учун яратиб берилаётган имкониятлар, шароитлар ҳақида фикр алмашди.

– Вилоят раҳбари ижод мактаби билан танишиш давомида нутқ маданияти ва нотиқлик санъати дарсини ҳам кузатиб, ёшларга ибрат бўлиши керак бўлган ҳаётий воқеалардан айтиб берди. Энг асосийси, дарс жараёнлари қизиқарли савол-жавоб билан уйғунлашиб кетди,– деди олий тоифали ўқитувчи Моҳидил Зияева.

Учрашув сўнггида вилоят раҳбари битирувчи синф ўқувчилари билан очиқ суҳбат ўтказди. Суҳбат чоғида таълим муассасасини янада ривожлантириш, шароитларини яхшилаш ва ўқувчиларнинг ижодий фаолиятини амалга ошириш имкониятларини кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.

2025-04-07 |

Янгиликлар