“Мурожаатдан даромадга” лойиҳаси асосида қарийб 2,5 минг мурожаатчи даромадли қилинди

News Image

Бугун мамлакатимизда халқ билан мулоқот, жойлардаги муаммоларни ўрганиш ва ижобий ҳал этиш бўйича ўзига хос тизим яратилган.

Президент виртуал қабулхонаси, Халқ қабулхонаси фаолиятининг йўлга қўйилгани жуда кўп муаммоларга ечим топишга, одамларнинг давлатдан розилигини таъминлашга хизмат қилмоқда.

Соҳа вакилларининг маълум қилишича, ўтган 2024 йилда Президент виртуал ва Халқ қабулхоналарига қарийб 1,2 миллион мурожаат келиб тушган бўлиб, ариза ва шикоятлар ўтган йилга нисбатан 64,1 мингтага камайган. Айниқса, мурожаатлар Наманганда 24, Тошкент вилоятида 21, Фарғонада 11 ва Тошкент шаҳрида 7 фоизга камайган. Мутахассислар ва олимлар мурожаатлар сони камайганини социологик тадқиқотлар, илмий кузатувлар ва таҳлилларга таяниб, қуйидаги омиллар билан изоҳламоқда.  

2024 йилда кўриб чиқилган 1 миллион 120 мингдан зиёд мурожаатнинг қарийб 938 мингтаси ёки 83,7 фоизи қаноатлантирилган. Бунинг натижасида  566,6 мингдан ортиқ мурожаатчининг розилигига эришилган. Соҳалар кесимида олинса, газ, электр энергияси, ичимлик суви ва кўмир таъминоти, уй-жой коммунал хўжалиги, ижро иши, алимент ва қарз ундириш, тиббий-ижтимоий хизмат кўрсатиш, соғлиқни сақлаш, телекоммуникация хизматлари сифати, суғурта фаолияти каби йўналишлар бўйича 60-80 фоиз муаммолар ҳал этилган.  

Халқ билан мулоқотнинг яна бир шаффоф платформаси  – оммавий ва сайёр қабуллар майдони ҳам кенгайиб бормоқда. Ўтган йил Президент Халқ қабулхоналарида ташкил этилган жонли ва очиқ мулоқотларда 405,7 мингдан зиёд мурожаат кўриб чиқилиб, 81,3 фоизи ҳал этилди.  

Халқ қабулхоналари 20 мингдан зиёд мурожаат бўйича қабул қилинган қарийб 28 минг қарорни жойига чиқиб ўрганди. Депутатлар билан ҳамкорликда 6 мингга яқин мурожаат кўриб чиқилиб, шундан 3,5 мингдан зиёди ижобий ҳал этилди. Секторлар фаолияти бўйича 4,4 мингга яқин мониторинг, давлат идораларида мурожаатлар билан ишлаш ҳолати юзасидан қарийб 4,6 мингта ўрганиш ўтказилди.  

Мурожаатлар асосида халқ депутатлари Кенгашларига 2,4 мингдан зиёд ахборот киритилиб, улар асосида қарийб 3,5 минг нафар давлат идоралари ва сектор раҳбарларининг ҳисоботлари эшитилди. Муаммоларни ҳал қилиш борасида кўриб чиқилиши мажбурий бўлган 4 минг 721 тақдимнома, 5 мингдан зиёд таклиф ва 9 минг 119 кўрсатма киритилди. Буларнинг натижасида аҳоли мурожаатлари билан талаб даражасида ишламагани учун давлат идоралари масъул ходимларининг 3 минг 826 нафари жавобгарликка тортилди.  

Хусусан, уларнинг 369 нафари эгаллаб турган лавозимидан озод этилди, 779 нафари маъмурий, 269 нафари ойлик иш ҳақидан жаримага тортилди, 2 минг 409 нафарига ҳайфсан эълон қилинди. Шунингдек, 6,1 мингдан зиёд масъул ходим расман огоҳлантирилди.  

Бугунги куннинг энг долзарб масалаларидан яна бири – аҳоли даромадларини ошириш учун шарт-шароит яратиш ва ёрдам беришдан иборат. Президент Халқ қабулхоналари 2024 йилда мурожаатлар таҳлили асосида оилавий тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш орқали янги иш ўринлари яратиш бўйича янги беш босқичли “Мурожаатдан даромадга” лойиҳасини самарали амалга оширди.  

Асосан моддий ёрдам масаласида кўп арз қилган фуқароларнинг оилавий аҳволидан то қайси йўналишда ишни эплаб кетишига қадар индивидуал ўрганиш, мурожаатчиларни даромад топишга тайёрлаш, касб-ҳунарга ўқитиш, иш анжомлари олиб берган ҳолда кучли малака ва катта тажрибага, ўз бозорига эга тадбиркорларга бириктириш бўйича комплекс иш олиб борилган. Бу лойиҳа асосида қарийб 2,5 минг мурожаатчини даромадга олиб чиқиш бўйича иш олиб борилди. “Мурожаатдан даромадга” лойиҳаси Қорақалпоғистон, Бухоро, Жиззах, Қашқадарё, Наманган, Сурхондарё, Фарғона ва Хоразм вилоятларидаги 400 дан зиёд маҳаллада амалга оширилди.    

Халқ қабулхоналарининг “маҳалла етттилиги” билан ҳамкорлиги мустаҳкамланмоқда. Асосий мақсад – муаммоларни маҳалланинг ўзида, биринчи нуқтада аниқлаб, ҳар бир мурожаатдаги масалага адолатли ечим топиб беришдан иборат.  

2025-01-30 |

Янгиликлар