Ишчи гуруҳнинг ўрганишлари давом этмоқда

Наманган вилояти Учқўрғон туманида қишлоқ хўжалиги техника ва агрегатлари мавсумга шай ҳолатга келтирилди. Хусусан, 2025 йил ҳосили учун “Сув етказиб бериш хизмати” ДМ гаражига тўпланган техникалар таъмирланди.
Баҳорги дала ишларини ўз вақтида ва сифатли ўтказилишини таъминлаш учун 200 та чопиқ трактори, 40 та пуркагич (ОВХ), 34 та чигит экиш сеялкаси, 15 та лазерли ер текислагич ҳамда бошқа турдаги техника ва агрегатлар ҳозирда тахт ҳолда. Вилоят раҳбари Шавкат Абдураззоқов бошчилигидаги ишчи гуруҳнинг туманда олиб борган ўрганишлари жараёнида ушбу тайёргарлик ҳолати кўздан кечирилди.
Ишчи гуруҳнинг кейинги манзили Ёғду маҳалласидаги “King Fish Export” МЧЖ бўлди.
Тадбиркор Исматилла Юсупов раҳбарлигидаги мазкур корхонанинг 10 гектар ер майдонида интенсив усулда форель етиштириш лойиҳасига 2020 йилда киришилган эди. Қиймати 64 миллиард сўм бўлган лойиҳага ҳозирга қадар 20 миллиард сўм маблағ сарфланди. Айни вақтда қурилишга маблағ етмай, иш тўхтаб қолган эди. Вилоят раҳбари Учқўрғондаги ўрганишлари давомида ушбу лойиҳа билан батафсил танишди. Тадбиркорнинг мурожаатига кўра, лойиҳани якунига етказиш учун унга кредит ажратиладиган бўлди.
Навбатдаги эътиборли масала – сувни тежаш мақсадида фермер хўжаликлари дала майдонларидан оқиб ўтувчи ички ариқ-зовурлари бетонлаш ишларининг бориши ўрганилди. Ҳозирга қадар 105 километр ички ҳамда 24 километр хўжалик ариқлари бетонланди.
Вилоят раҳбари ўрганишлари давомида Деҳқонобод маҳалласида томорқадан унумли фойдаланиб, қўшимча даромад топаётган оилалар тажрибаси билан ҳам танишди. Шу ерда маҳаллага бириктирилган банк ходими ва маҳалла еттилиги билан суҳбатлашди. “Камбағалликдан фаровонлик сари” дастури доирасида намунали хонадонлар тажрибасини оммалаштириш, уларга имтиёзли кредитлар ажратиш орқали қўллаб-қувватлаш бўйича мутасаддиларга топшириқлар берилди.