Вилоят ҳокими тадбиркорлар билан учрашди
![News Image](https://pm.gov.uz/uploads/42ea809e-2149-906d-354a-73f46a168b4b_news_.jpg)
Андижон вилояти ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов тадбиркорлар ҳамда тадбиркорликни ривожлантиришга масъул соҳа ходимлари билан учрашди.
Тадбирда вилоят ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов, Ўзбекистон Республикаси Марказий банки раисининг ўринбосари Аюбхон Камалов, АТ “Халқ банки” департаменти раҳбари Фарҳод Ғафуров иштирок этди. Унда мамлакатимизда кейинги йилларда Президентимиз ташаббуси билан тадбиркорликни ривожлантириш, қулай муҳит ва зарур шарт-шароитлар яратиш, уларни қўллаб-қувватлашга қаратилган кенг кўламли ишлар амалга оширилаётганлиги таъкидланди.
Жумладан, Андижон вилоятида ҳам мазкур йўналишда аниқ манзилли, самарали ишлар олиб борилаётганлиги алоҳида қайд этилди.
Учрашувда вилоятда тадбиркорликни ривожлантириш, янги лойиҳаларни амалга ошириш учун қулай муҳит ҳамда молиялаштириш тизимини шакллантириш, тадбиркорлар учун инфратузилма ва кафолатли бозор яратиш бўйича амалга оширилиши муҳим вазифалар юзасидан фикр алмашилди. Шунингдек, мазкур йўналишдаги ишларни янада юқори босқичга кўтариш, хусусан, тадбиркорларга ер майдонлари ажратиш, уларни молиявий қўллаб-қувватлаш, экспорт салоҳиятини ошириш борасидаги масалалар муҳокама қилинди.
Учрашув давомида тадбиркорлар ўзларини қизиқтирган саволларга вилоят ҳокими ва мутасаддилардан атрофлича жавоб олди.