Ишчи гуруҳ Андижонда ўрганишлар олиб борди

News Image

Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазири ўринбосари генерал-майор Бекмурод Абдуллаев раҳбарлигидаги ишчи гуруҳ Андижонда бўлиб, ички ишлар бошқармаси тизими идораларида олиб борилаётган ишларни ўрганди.

Ишчи гуруҳ дастлаб вилоят ИИБ Жамоат хавфсизлиги хизмати йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармасида хизмат автомашиналарининг техник ҳолатлари, ходимлар учун яратилган шарт-шароитлар билан танишди. Бошқарма бошлиғининг жорий йилда амалга оширилиши лозим бўлган вазифалар, белгиланган чора-тадбирлар юзасидан тақдимоти тингланди.     

Вазир ўринбосари вилоят ИИБ Жамоат хавфсизлиги хизмати ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бошқармаси Вояга етмаганларга ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш маркази янги биносининг очилиш маросимида қатнашиб, яратилган шарт-шароитлар билан танишди.   

Шундан сўнг, ишчи гуруҳ Андижон шаҳридаги “Ўзбегим” маҳалла фуқаролар йиғинида бўлиб, маҳалла масъулларининг фаолияти, “Маҳалла еттилиги” томонидан амалга оширилган ишлар, хусусан, ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликнинг олдини олиш, ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини таъминлаш бўйича жорий йилда бажариладиган ишлар тақдимоти билан танишди. Мазкур йўналишдаги ишлар сифати ва самарадорлигини ошириш муҳим эканлиги алоҳида таъкидланди.  

Сўнг вилоят ИИБ Жамоат хавфсизлиги хизматининг Мониторинг қилиш ва мувофиқлаштириш маркази фаолияти ўрганилди, марказнинг иш самарадорлигини ошириш бўйича мутасаддиларга қўшимча кўрсатма ҳамда тавсиялар берилди.     

Шунингдек, вилоят ИИБ Жамоат хавфсизлиги хизмати жамоат тартибини сақлаш бошқармасида олиб борилаётган қурилиш-таъмирлаш ишлари билан танишилди. Қурилиш-таъмирлаш ишларини сифатли ва белгиланган муддатларда бажариш бўйича тегишли топшириқ ҳамда тавсиялар берилди.   

2025-01-11 |

Янгиликлар