Форишдаги муаммолар ечимини кутмоқда

News Image

Жиззах вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи Улуғбек Мустафоев Фориш туманининг ижтимоий-иқтисодий ҳаёти, туризм ривожининг ҳолати ҳамда аҳолининг яшаш шароитларини кўздан кечирди.

Дастлаб Форишнинг бошланиш қисми, Оқтом маҳалласи ҳудудидаги туманнинг номини  акс эттирувчи ёзувлар эскириб кетганлиги танқид остига олинди.  

Қоратош маҳалласи ҳудудидан ўтган сой атрофида маҳаллий аҳоли томонидан тайёрланадиган тансиқ таомлар сотилиши учун ажратилган жойлар гигиена-санитария талабларига жавоб бермаслиги ва бу ўз ўрнида туманга келадиган сайёҳларга салбий таъсир қилиши таъкидланди.  

Туманга борадиган асосий йўлдан 3 километр ичкарида жойлашган “Хўжа боғбон ота” зиёратгоҳига равон йўл тортилган, аммо зиёратгоҳнинг замонавий қиёфага келтирилиши  кўпроқ зиёратчиларни жалб қилиши мумкинлиги қайд этилди.  

Тумандаги энг яхшилардан деб эътироф этилган Ойбек маҳалласидаги 33-сонли умумтаълим мактабида ҳам кўплаб камчиликлар борлиги кўриниб қолди. Мактаб томининг очиқ жойлари борлиги, иситиш тизимидаги муаммолар, деворларнинг нураб қолгани, ўқувчилар танаффус пайтида фойдаланадиган таълим муассасаси ҳовлисидаги ўриндиқлар таъмирталаблиги ва электр тақсимлайдиган шитлардаги бетартибликлар танқид остига олинди.

Шу мактаб ёнгинасида жойлашган 5-сонли мактабгача таълим ташкилоти кўздан кечирилганида бу ерда ҳам бир қатор камчиликлар шундоққина кўзга ташланди. Боғчани иситиш учун олиб келинган кўмир очиқ ҳолда сақлангани сабаб аллақачон ўз сифатини йўқотиб бўлган. Боғчадаги болалар ўйингоҳи ҳам ҳавас қиларли даражада эмас.  

Шу маҳаллада истиқомат қилувчи Атҳам Ўсаров томорқасидаги иссиқхонада лимон етиштирмоқда. Шунингдек, оилада парранда ва қўйлар парвариш қилинмоқда. Новвойхонаси ҳам мунтазам ишлаб турибди. У шуларнинг барчасидан йилига 45-50 миллион сўм атрофида соф даромад топмоқда.  

Туман ҳокимига Атҳам Ўсаровлар оиласи мисолида бошқа оилаларда ҳам мазкур ишларни ташкил этиш топшириғи берилди.

Тумандаги Боғдон маҳалласи ҳудудида қурилиши битмаган спорт мактаби ва қуриб битказилгану, лекин нураб бораётган янги бозор мажмуаси ҳам жиддий танқид қилинди. Ачинарлиси, спорт мактаби қурилишида ишлар охирига етказилмай қолиб кетган. Бунинг натижасида спорт мактаби абгор ҳолатга келиб қолган.  

Янгидан қурилиб, ҳали фойдаланмай туриб, нураб тўкилиб тушаётган бозорда ҳам манзара ачинарли ҳолатга келиб қолган.  

Фориш дарвозасидан Навоий вилояти Нурота туманига чиқадиган 90 километрлик автомобиль йўлини реконструкция қилиш режалаштирилмоқда. Мазкур йўл айнан бозор олдидан ўтишини инобатга олган ҳолда мутасаддиларга бозор инфратузилмасини яхшилаш юзасидан ҳам аниқ топшириқлар берилди.  

Вилоят раҳбари Улуғбек Мустафоев бир йўналишда кўрган муаммолар шунча бўлса, туман марказидан 100 – 150 километр олисликдаги қишлоқларда аҳвол қандай экан-а?

Фориш  тумани ҳокими Икром Матиев келтириб ўтилган бу муаммо ва камчиликлар қисқа фурсатларда бартараф этилишига ваъда берди.

Биз бу мавзуга яна қайтамиз.

2025-01-05 |

Янгиликлар