Томорқа туфайли аҳоли фаровонлиги ошмоқда

News Image

Сайхунобод туманининг Мустақиллик маҳалласида "Камбағалликдан фаровонлик сари" тамойили асосида олиб борилаётган ишлар аҳолининг даромади ошишига, кам даромадли аҳоли сони камайишига хизмат қиляпти.

–Маҳалламиз ҳудудида 1695 нафар аҳоли истиқомат қилади. Шундан 47 нафар хотин-қиз "Аёллар дафтари"га, 7  нафар ёш "Ёшлар дафтари"га, 5 нафар фуқаро эса ишсиз ва қўшимча даромади йўқлиги боис камбағалчилик реестрига  киритилганди.  Давлатимиз раҳбарининг 2024 йил 23 сентябрдаги "Камбағалликдан фаровонлик сари" дастурини амалга ошириш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарорида белгилаб берилган вазифалар ижроси доирасида 5 нафар фуқародан 3  нафарининг иш билан бандлигини таъминлашга эришган бўлсак, қолган 2 нафар фуқаронинг бандлигини таъминлаш, улар даромадини ошириш мақсадида  туман секторлари раҳбарлари билан маслаҳатлашган ҳолда чора-тадбирлар режасини тузиб, иш олиб боряпмиз, –  дейди   "Мустақиллик" маҳалла фуқаролар йиғини раиси Ҳусниддин Умарбоев.

Аҳолисининг  каттагина қисми деҳқончилик, чорвачилик йўналишларида фаолият  кўрсатаётган маҳаллада тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланаётган, бунинг ортидан қўшимча даромад топиб,  ишсиз ва кам даромад оилаларни иш билан таъминлаётган,  "Камбағалликдан фаровонлик сари" дастурини ҳаётга татбиқ этишга муносиб ҳисса қўшаётганлар кўп.

–Бундан тўрт-беш йил муқаддам мен ҳам ижтимоий кам таъминланган, яъни камбағал оилалар рўйхатида турардим, – дейди гулчилик фаолияти билан шуғулланиб келаётган тадбиркор Шавкат Нуралиев. –Ҳаётимда турли қийинчилик ва муаммолар бўлган. Ҳеч қандай касб эгаси бўлмаганлигим сабабли, рўзғор учун уч-турт сўм пул топиб келай, фарзандларимни яхши едириб, яхши кийинтириб, тарбиялай дея  иш қидириб бормаган жойим қолмаганди.  Ҳаттоки, Тошкентга бориб, мардикорчилик қилиб, уч-тўрт сўм топиб келган кунларим ҳам бўлди. Омадни қарангки, ана шундай кунларда гулчилик фаолияти билан шуғулланаётган тадбиркор билан танишиб, унинг гулчиликка ихтисослашган хўжалигида икки йилдан ортиқ ишлаб, гулчиликнинг сиру синоатини ўргандим. Дунёда яхши кишилар кўп экан. Уларнинг ёрдами, берган оқ фотиҳалари сабаб, оила аъзоларимизга тегишли бир ярим гектарга яқин ерга гул кўчатларини экдим. Биринчи йили бирозгина қийинчилик ва тушунмовчиликлар бўлди. Лекин шундай бўлса-да, йилни 150 миллион сўм миқдоридаги соф фойда билан якунлаган бўлсам, бу йилги даромадим 450 миллион сўмдан ошиб кетди.

Шавкат Нуралиевнинг гулчиликка ихтисослашган хўжалигида    15 нафар доимий, 60 нафар киши мавсумий иш билан таъминланган.  

–Гулларимизнинг харидори кўп. Асосан Тошкентдаги букетли гул ясайдиган гул дўконларига ҳамда Гулистон шаҳридаги гул сотувчиларига  етказиб берамиз,–дейди у.–Ўйлаб қарайдиган бўлсак, бўш вақтнинг ўзи йўқ. Ёзни қуя туринг, қишда, яъни қорли кунларда ҳам иш топилади. Яратганга шукр, қийин кунларда шундай неъматлари билан сийлади.  

Шавкатжоннинг даромади ёмон эмас. Бу йил 10 сотих ерга эккан  хризантема  гулларини сотгандан сўнг даромади ҳисобидан уй кўтарди.  1 гектару  20  сотих ер майдони ва иссиқхонага экилган гулларининг сотувидан тушган соф фойдани эса ўз фаолиятини янада кенгайтириш, қўшимча олинадиган 3 гектар ерга  ҳам гул экиш учун йўналтиради. Қувонарлиси, унинг бу режаси туман ҳокими, секторларнинг раҳбарларига маъқул келди ва унга ўзи истиқомат қилаётган маҳалласи ҳудудидаги бўш турган ернинг маълум бир қисми бериладиган бўлди.    Бунинг ҳисобига, у маҳалласидаги яна 50 нафар кишини иш билан таъминламоқчи.

Бу йил у икки нафар ишсиз ёшни ўз ёнига олиб, уларга гул етиштириш, уни харидорга етказиб бериш сир-асрорларини ўргатиб, улар хонадонида ҳам 4 сотихдан, жами 8 сотихли иссиқхона ташкил этди. Бу ишларни ташкил этишда ҳеч кимдан молиявий кўмак олмади. Унга тошкентлик гулчи устозлари холисона ёрдам берди.

– Маҳалламизда гулчи тадбиркор Шавкат Нуралиев гулчиликни йўлга қўйган бўлса, давлатимиз раҳбарининг Сайхунобод туманига ташрифидан сўнг тадбиркор Суннатулла Шодиев  сут маҳсулотини қайта ишлашни ташкил этди. У ишлаб чиқараётган қаймоқ, қатиқ, пишлоқ таёқчалари, сметана, сарёғни нафақат Гулистон, балки Тошкент бозорларида ҳам кўришингиз мумкин.Фахриддин Норбоев эса пайпоқ ишлаб чиқаришни, Шокиржон Ҳайдаров, Акбарали Исмоиловлар эса спорт формалари учун чўзилувчи ип ва шунга ўхшаш маҳсулотларни ишлаб чиқаришни йўлга қўйган. Аҳолимизнинг қолган қисми ўз томорқасига картошка, бодринг, помидор, булғор қалампири, карам, укроп, кашнич, саримсоқ пиёз каби экин турларини экиб, дастурхонларини тўкин қилмоқда, бозорларни обод қилишга қисса қўшяпти,–дейди маҳалла раиси Ҳусниддин Умарбоев.

2024-12-05 |

Янгиликлар