Азимободда янги иншоотлар очилди
Олтиариқ туманининг бўз ерларида ярим аср илгари Азимобод ҳудуди ташкил этилган эди. Ҳозир у туманнинг обод, кўркам қишлоқларидан бири.
2-сектор раҳбари ташаббусига кўра қишлоқдаги 22-МТТ ҳудудида 320 ўринли янги, қўшимча бино ҳашар йўли билан қурилди. Маҳалла идораси биноси таъмирланди. Уларнинг очилиш тадбири ҳақиқий тантанага айланиб кетди. Қишлоқ аҳли жамулжам бўлди. 18 та кам таъминланган оила фарзандларига шу куни тўй ҳам қилинди. Кенг майдонга дор тикилди. Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Қиличбек Тожиев бошчилигидаги санъаткорлар даврани қизитди.
– Мамлакатимизда инсон қадрини улуғлаш энг бош вазифа. Бу Президентимизнинг биз, ҳудуд раҳбарларига ҳар кун бераётган топшириқларидир, – деди вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров. – Бундан кейин ҳам қишлоқларимиз ободончилиги учун лозим бўлган маблағ йўналтирилади ва ҳар қандай ташаббус қўллаб-қувватланади.
Аҳоли вакиллари қишлоқ мактабига 300 ўринли қўшимча бино қуриш тўғрисида Хайрулло Бозоровга мурожаат қилди. Ҳоким бу масалада ҳам ёрдам кўрсатишни билдирди.