Аҳолига яхши даромадли иш таклиф қилинмоқда

News Image

Президентимизнинг 2024 йил 23 сентябрдаги “Камбағалликдан фаровонлик сари” дастурини амалга ошириш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида Бўка туманида аҳоли даромадларини ошириш ҳамда ишсизликни бартараф этиш бўйича бир қатор самарали ишлар амалга оширилмоқда.

Жумладан, Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси раиси ўринбосари Умид Пазилханов ва вилоят масъуллари томонидан ҳудуддаги “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри”га киритилган ҳамда кам таъминланган оилаларнинг даромадини ошириш ҳамда ишга жойлаштириш чоралари кўрилмоқда.  

Ўрганишлар давомида тумандаги “TNA AGRO INVEST” масъулияти чекланган жамиятнинг иссиқхона хўжаликларида 100 нафар ишчига эҳтиёж мавжудлиги, ойлик маоши 3,5 миллион сўмгача берилиши аниқланди. Қолаверса корхонага малакали агроном кераклиги, ойлик маоши 25 миллион сўмдан юқори бўлиши корхона раҳбари томонидан таъкидлаб ўтилди.  

Бундан ташқари, мазкур МЧЖ томонидан 10 миллион доллар инвестициялар ўзлаштирилиши ҳисобига ёшларга ажратилган 1 минг 796 гектар ерларда кооперация тизимини ташкил этиш режалаштирилган. Бу орқали қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш, қуритиш, тезкор музлатиш, сақлаш ва экспорт қилиш “Кичик Логистик Маркази“ лойиҳаси ташкил этилади. Лойиҳа 2025 йил якунига қадар ишга тушиши белгиланган.  

Шунингдек, махсус трикотаж, спорт ва бошқа турдаги текстиль кийимлар ишлаб чиқарувчи “Buka Sportswear” корхонасида ҳам қўшимча равишда 200 нафар ишчига эҳтиёж мавжуд. Юқори ойлик маоши ва бошқа қулайликлар мавжуд. Тадбиркорлар билан ўзаро суҳбат давомида ишсизлар бандилиги таъминлаш борасидаги таклифлар кўриб чиқилди.  

Қувонарлиси, аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини тадбиркорлик субъектларига жалб этишда янги ташаббусларни амалга оширишга келишиб олинди. Бу каби саъй-ҳаракатлар бошқа туман-шаҳарларда ҳам давом этади.  

2024-10-25 |

Янгиликлар