“Мурожаатдан даромадга 5 қадам”: ўз ишининг устасига айланиб, даромад топаётган аёллар

News Image

Давлатимиз раҳбари баҳорнинг илк кунларида Хоразм вилоятига қилган ташрифи чоғида аҳоли бандлигини таъминлаш, янги иш ўринларини яратиш, тадбиркорликни ривожлантириш мақсадида қатор топшириқлар берганди.

Шундан келиб чиққан ҳолда Президент Халқ қабулхонаси раҳбари Улуғбек Муҳаммадиев ташаббуси билан жойларда оилавий тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш орқали янги иш ўринларини яратиш бўйича “Мурожаатдан даромадга 5 қадам” лойиҳаси бошланган эди.

Жорий йилнинг ўтган даврида Қорақалпоғистон Республикаси, Жиззах, Фарғона, Хоразм, Бухоро ва Сурхондарё вилоятларидаги 400 дан зиёд маҳаллада мазкур лойиҳанинг ижроси таъминланди. Унга кўра 2 мингга яқин мурожаатчига амалий ёрдам кўрсатилди.

Хусусан, Хоразм вилояти Шовот ҳамда Ҳазорасп туманларида истиқомат қилувчи ишсиз аёллар бандлигини таъминлаш мақсадида 170 нафарига замонавий тикув машиналари топширилган. Ўз тикув машинасига эга бўлган аёллар ишлаб чиқариш ҳамда оилавий корхоналарга кооперация шаклида бириктирилган. Хўш, бу ишларнинг натижаси қандай бўляпти?

Мисол учун, яқин-яқингача ишсиз бўлган шовотлик Зулайҳо Сафоева эндиликда аёллар либосидан тортиб болалар учун мўлжалланган кийимларни тикяпти, кейинги режаларини эса аниқ мақсадга айлантирган. У миллий либосларни тикиб, хорижга экспорт қилишни ва Хивада хорижлик меҳмонларга сотишни йўлга қўймоқда.

Яна бир тадбиркор Шовот туманинг Дўстлик маҳалласида истиқомат қилувчи Раъно Қаландарова ҳам янги машиналарни қабул қилган аёллар билан иш бошлаган. Кооперация шаклигидаги фаолияти натижасида ишлаб чиқариш ҳажми бир неча баробарга ошган. Навбатдаги қадамини маҳсулотларни чет элга экспорт қилишга қаратган.

Рўзғорининг кам-кўстини тўлдириш, уйининг қурилишини тугатиш учун Иқбол Раҳимова турмуш ўртоғи билан 6-7 йил давомида чет элда ишлашига тўғри келган. Яқинлар дийдори, фарзандлар соғинчи унинг қалбини ўртаган. Президент Халқ қабулхонаси томонидан берилган имконият натижасида у ўз маҳалласида ишга, доимий даромадга эга бўлди.

Ҳунарнинг ортидан даромадли бўлиш мумкин, аммо қўлида ҳунари бўла туриб, ишни нимадан бошлашни билмаган ёки иш қуроли йўқ аёлларга берилган амалий кўмак бугун уларнинг оёққа туришига ёрдам берди.

Масалан, Умида Исмоилова 5 нафар фарзанднинг онаси, турмуш ўртоғи 2-гуруҳ ногирони. “Мурожаатдан даромадга 5 қадам” лойиҳаси туфайли бугун у нафақат ўзини, балки қўшни аёлларни ҳам даромадли ишга йўналтира олди.

Бундай имкониятдан ҳазорасплик аёллар ҳам четда қолмаган. Президент Халқ қабулхонасига келиб тушган мурожаатлар асосида 104 нафар эҳтиёжманд аёлга тикув машиналари совға қилинган эди. 29 нафар тадбиркорга кооперация асосида бириктирилган аёллар бугун ҳам ҳунарли, ҳам даромадли бўлишди.

Тадбиркор Матлуба Сатторованинг тикувчилик цехига замонавий тикув машиналари ўрнатилиб, 8 нафар ишсиз аёлнинг бандлиги таъминланди. Бундан ташқари, ушбу тикувчилик корхонасига “Аёллар дафтари”да турувчи 15 нафар хотин-қиз жалб этилиб, улар ҳам ишли бўлди.

Умуман олганда, кўрсатилган ёрдам туфайли бугун оёққа туриб, даромад топаётган аёллар ўз ишининг устасига айланмоқда.

Президент Халқ қабулхонасининг “Мурожаатдан даромадга 5 қадам” лойиҳаси бошқа ҳудудларда ҳам давом этмоқда.

2024-10-03 |

Янгиликлар