“Чашма”нинг ўз боғчаси бор

News Image

Сўх тумани давлат раҳбариятининг алоҳида эътибори туфайли обод ва ривожланган ҳудудга айланмоқда. Бу ерда ишлаб чиқариш, туризм истиқболлари билан бир қаторда таълим муассасалари ҳам жадаллик билан бунёд этилмоқда.

Мустақиллик байрами туманнинг "Чашма" МФЙ аҳолиси учун алоҳида ёдда қоларли бўлди. Бу ерда ҳалигача мактабгача таълим муассасаси етишмас эди. Туман Кенгаши депутати Камолиддин Азизов масала ҳал этилгунча тинмади. Ниҳоят Чашмада икки қаватли 120 ўринга мўлжалланган болалар тарбия маскани қурилиб, фойдаланишга топширилди.

–Чашма маҳалласи Қирғизистон чегарасида жойлашган. Шунинг учун қўшни қирғиз қишлоғи аҳолиси ҳам янги қурилган болалар боғчасини кўриб ҳавас қилишяпти, – дейди мудира Муслима Бобоева. – Муҳими, болажонларимизнинг қувончини кўриш. Туман марказидан олисдаги чет маҳаллада шу каби иншоотнинг қурилиши давлатимизнинг ижтимоий масалаларга устуворлик бераётганидан, деб биламиз.

Бугун, сентябрнинг дастлабки иш куни Чашма маҳалласи болажонлари янги мактабгача таълим муассасасига қатнай бошладилар.

2024-09-04 |

Янгиликлар