Каттақўрғонда 28 та ижтимоий иншоот барпо этилди

News Image

Янги йил байрами арафасида Самарқанд вилоятининг Каттақўрғон туманида бир қатор ижтимоий соҳа объектлари фойдаланишга топширилди.

Якунига етаётган йилда туманда 28 та ижтимоий соҳа объектида қурилиш-монтаж ишлари олиб борилди. Бу мақсадлар учун қарийб 50 миллиард сўм маблағ сарфланди.

Жумладан, 12 та умумтаълим мактаби замон талабларига мослаштирилиб, ўқувчиларнинг сифатли таълим олиши учун кенг имкониятлар яратилди. 8 та мактабгача таълим ташкилоти фойдаланишга топширилди. 2 та умумтаълим  мактабида замонавий спорт зали, 2 та умумтаълим  мактабида фаоллар зали ва кутубхона қурилди.

Туман аҳолисига тиббий хизмат кўрсатиш сифатини янада ошириш мақсадида 2 та оилавий шифокорлик пункти, тез тиббий ёрдам кўрсатиш бўлими бунёд этилди, 1 та оилавий шифокорлик пункти капитал таъмирланди.

– Бу каби қурилиш-бунёдкорлик, ободонлаштириш ишлари халқимиз фаровонлигига, улар учун муносиб турмуш шароити яратишга қаратилган, – дейди Каттақўрғон тумани ҳокими Жамшид Насриддинов. – Келгуси йилда бундан ҳам кўп объектлар қуришни режалаштирганмиз. Халқимиз ҳамжиҳат бўлиб, амалга оширилаётган ислоҳотларни қўллаб-қувватласа, ёнимизда турса, бундан ҳам юқори натижаларга эришамиз, албатта.

2023-12-28 |

Янгиликлар