Божхоначи – тадбиркорга кўмакчи
Бухоро вилояти божхона бошқармаси масъулларининг оммавий сайёр қабули давомида вилоятнинг Когон ҳамда Қоракўл туманларида фаолият кўрсатаётган тадбиркорлик субъектлари ҳамда ташқи иқтисодий фаолият иштирокчиларининг соҳага оид муаммоларини ўрганиш, уларга амалий кўмак бериш мақсад қилинди.
Масалан, Когон шаҳридаги ўрганиш ишлари давомида “BUXORO GYPSUM” МЧЖ мутасаддиларининг мурожаати, Бухоро вилояти божхона бошқармаси бошлиғи Баҳодир Қутлимуратов томонидан тингланди.
Мурожаатчининг “Ваколатли иқтисодий оператор” мақомини олиш бўйича қилган мурожаатига жавобан шу ернинг ўзида у билан биргаликда тегишли тартибда ҳужжатлар расмийлаштирилди. Қисқа фурсатли ўрганиш ишларидан сўнг, унга “Ваколатли иқтисодий оператор” мақомини олиши мумкинлиги айтиб ўтилди.
Маълумот учун: “BUXORO GYPSUM” МЧЖ 2017 йилда ташкил этилган. Корхона асосан қурилиш маҳсулотлари ишлаб чиқаришга ихтисослашган. Жорий йил ҳисобида корхона томонидан 2,9 минг тонна хом-ашё қайта ишлаш мақсадида хориждан олиб келтирилган. 2023 йилнинг ўтган даври мобайнида умумий қиймати 4 миллион долларга тенг бўлган тайёр маҳсулотлар Тожикистон, Афғонистон, Қозоғистон ва Туркманистон давлатларига экспорт қилинган.
Божхона органи ходимларининг мазкур корхона вакиллари билан бўлиб ўтган сўнгги учрашувларида божхона ҳудудида қайта ишлаш божхона режимининг афзалликлари юзасидан тушунтириш ишлари ҳам олиб борилган.