Новжа маҳалласининг янги биноси ишга тушди
Хатирчи туманидаги “Новжа” маҳалла фуқаролар йиғини ходимлари янги бинода ўз фаолиятини бошлади.
Туманнинг 1- сектор ҳудудида жойлашган “Новжа” МФЙ биноси “Бектош” МЧЖ қурувчилари томонидан 980 миллион сўм маблағ эвазига қуриб битказилди. Бу ерда ходимлар ва фуқаролар учун барча шароит яратилган.
– Айни пайтда маҳалламизда 344 та хонадонда 1871 нафар аҳоли истиқомат қилади, – дейди маҳалла раиси Илёс Юсупов. – Шу кунга қадар маҳалламиз мослаштирилган бинода жойлашган эди. Янги бинода ходимларнинг иш олиб бориши учун барча шароит ва қулайлик мавжуд. Бугунги кунда маҳалламиз ҳудудида “Обод кўча”, “Обод хонадон”, “Обод маҳалла” лойиҳалари доирасида кенг кўламли бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари амалга оширилмоқда. Бу ташаббусларнинг барчаси маҳалламиз ободлиги йўлида амалга оширилаётган ишлардир. Аҳолимиз бу каби хайрли ишлардан хурсанд.
Тадбир иштирокчилари ва маҳалла аҳли бинода яратилган қулайликлар билан танишди.
Маҳалла биносининг очилиш маросимида Ўзбекистон Республикаси Президентининг кадрлар сиёсати масалалари бўйича маслаҳатчиси ўринбосари Улуғбек Муҳаммадиев ҳамда Навоий вилояти ҳокими Нормат Турсунов иштирок этди.