“Долзарб 40 кунлик” қизғин паллада
Aйни кунларда Сирдарё вилоятида ҳам “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасидаги “Долзарб 40 кунлик” қизғин паллага кирди.
Президентимиз ташаббуси билан амалга оширилаётган “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида Сирдарёда ҳам ободонлаштириш, кўкаламзорлаштириш, кўчатлар экиб боғ яратиш ишлари кенг қулоч ёзди. Ушбу тадбирларда барча инсонлар – кексаю ёш фаол иштирок этиб, кўчалар, кўп қаватли уйлар атрофи ва маҳаллалар ҳудудида кўчатлар экилмоқда.
Вилоят ҳудудида жорий йилнинг куз мавсумида 5 миллион. 987 минг туп кўчат экилиши режалаштирилган. Экилган кўчатларни суғориш ишларини яхшилаш мақсадида туман ва шаҳар ободонлаштириш бошқармалари объектларига 11 та сув чиқариш қудуғини қазиш ҳамда 14 километр узунликда суғориш тизимини яхшилаш ишларини амалга ошириш белгиланган.
–Вилоятнинг 3 та шаҳар ва 8 та туманидаги 12 гектар майдонда махсус суғориш тизимларини ташкил қилган ҳолда 11 минг туп дарахт кўчати экилиши режалаштирилган, – дейди вилоят Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши бошқармаси бошлиғи Икромжон Тагаев. – Бундан ташқари, Сирдарё вилояти “Яшил ҳудуд” ДУК томонидан вилоятнинг туман ва шаҳарларида 21,4 гектар майдонда махсус суғориш тизими яратилган. “Яшил боғ”лар ташкил этилиб, 6 минг 730 дона кўчат экилиши мўлжалланмоқда.
Вилоятда “Яшил макон” умуммиллий лойиҳасининг кузги мавсуми доирасида жорий йилнинг 9 ноябрь ҳолатига кўра 335 минг 700 туп мевали ва манзарали кўчат экилди.
Шунингдек, вилоятнинг шаҳар ва туман ҳокимликлари томонидан ўз ҳудудларида “Ҳокимлик боғлари” ҳамда йирик саноат корхоналари томонидан “Яшил белбоғлар” ташкил этилиши режалаштирилган бўлиб, бугунги кунда ушбу ишлар уюшқоқлик билан амалга оширилмоқда.