Аҳолини марказлашган ичимлик суви билан таъминлаш 74,4 фоизга етказилган
Аҳоли, ижтимоий соҳа объектлари ва иқтисодиёт тармоқларини тоза ичимлик ҳамда иссиқ сув билан таъминлаш, оқова сув хизматлари сифатини яхшилаш долзарб масалалардан биридир.
Ушбу йўналишда амалга оширилаётган ишлар натижасида бугунги кунда аҳолини марказлашган ичимлик суви билан таъминлаш даражаси 74,4 фоизга, оқова сув чиқариш хизмати 18,9 фоизга етказилди. Аммо шу билан бирга, соҳада ўз ечимини кутаётган масала ва муаммолар ҳам бор.
Бу ҳақда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Саноат, қурилиш ва савдо масалалари қўмитаси томонидан ўтказилган эшитувда айтиб ўтилди. Унда Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлигининг аҳолини ичимлик суви ва иссиқ сув билан таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишлар, соҳадаги мавжуд муаммолар ва уларни бартараф этиш бўйича олиб борилаётган ишлар тўғрисидаги ахбороти эшитилди.
Қўмита раиси Нодир Жумаев ўз кириш сўзида соҳага оид муносабатларни тартибга солишда “Ичимлик суви таъминоти ва оқова сувларни чиқариб юбориш тўғрисида”ги қонун қабул қилингани, унда қатор тартиблар белгилаб қўйилганини таъкидлади.
Шунингдек, депутат жойлардаги ўрганишлари давомида кўпгина объектлар, ҳатто мактабгача таълим ташкилотлари ҳам куз-қиш мавсумига ҳамон тайёр эмаслиги, бу борада умуман ишлар қилинмаганини қайд этди. Аҳолини ичимлик суви билан, иссиқлик таъминоти билан таъминлаш борасидаги ишларни вазирлик қатъий назоратга олиши, мавжуд муаммоларни ҳал этиши зарурлигини таъкидлади.
Шунингдек, эшитувда қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазири ўринбосари Озода Жўраева кун тартибидаги масала юзасидан маъруза қилди:
— Соҳада олиб борилаётган тизимли ишлар доирасида 6,9 минг км ичимлик ва оқова сув тармоқлари тортилди. 809 та ичимлик ва оқова сув иншоотларини қуриш ҳамда реконструкция ишлари амалга оширилган. Халқаро молия институтларининг 185,5 миллион доллар маблағи ҳисобидан 243 км ичимлик, 83,8 км оқова сув тармоқлари тортилган. Бундан ташқари, 1 та сув тозалаш, 14 та сув тақсимлаш иншооти, 1 та сув минораси, 13 та сув қудуғи ва 18 та сув резервуари, 3 та оқова сув тозалаш иншооти ҳамда 2 та оқова сув насос станцияси қурилди. Мамлакатимиздаги мавжуд 40 минг 786 та кўп квартирали уйларнинг 23 минг 820 таси марказлашган ва индивидуал (икки контурли) иссиқлик тизими орқали, 16 минг 966 таси альтернатив усулда, яъни қўлбола печлар, голланд печлари, иссиқ сув колонкалари, электр иситкичлар ёрдамида иситилмоқда.
Республикадаги мавжуд 578 та қозонхонадан 492 таси фаолият юритмоқда. Улар йилига 1,5 миллиард метр куб табиий газ, 800 миллион кВт электр энергияси сарфламоқда. Бугунги кунда Андижон, Чирчиқ, Бухоро ва Самарқанд шаҳарларида марказлаштирилган иссиқлик таъминоти тизимини реконструкция қилиш ва энергия самарадорлигини ошириш лойиҳаси амалга оширилмоқда. Жаҳон банкининг 140 миллион доллар кредит маблағлари ҳисобидан 4 та қозонхона, 94 км иссиқлик тармоқларини модернизация қилиш, 1 минг 296 та индивидуал иссиқлик пунктларини ўрнатиш, шунингдек, мазкур лойиҳалар ҳудудидаги 1 минг 32 та кўп қаватли уйларнинг ички иссиқлик тизимини тиклаш ишлари қилинади, — деди вазир ўринбосари.
Йиғилишда депутатлар иссиқлик тизимидаги ҳамда хонадонларни тоза ичимлик суви ва иссиқ сув билан таъминлаш борасидаги мавжуд муаммоларга эътибор қаратди.
— Кўпинча аҳоли томонидан сувнинг вақтинча узиб қўйилиши, иссиқлик тизимларидаги муаммолар бўйича мурожаатлар келади, — дейди қўмита аъзоси Ақшагул Тулегенова. — Ҳақиқатан ҳам ўрганишларимиз давомида аҳоли хонадонларининг сувдан узиб қўйилиши ёки оқова сув тизимларидаги авария ҳолатларига гувоҳ бўламиз. Кўп ҳолларда бунинг асосий сабаби қувурларнинг йиллар давомида ишлаб эскиргани, фойдаланишга яроқсиз ҳолга келганидир. Албатта, бу муаммоларни бирдан ҳал қилиш мушкул, аста-секин бартараф этилмоқда.
Эшитув давомида қўмита аъзолари ичимлик суви ва иссиқ сув таъминоти тизимини босқичма-босқич яхшилаш бўйича ўз таклиф ва мулоҳазаларини билдирди.