Маҳалла ёшлари қўллаб-қувватланмоқда

News Image

Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан мамлакатимизда ёшларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг пухта билим олиши, касб-ҳунар ўрганишига кўмаклашиш, муаммоларини ҳал этиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилиб, бу борада кенг-кўламли амалий ишлар олиб борилмоқда.

Андижон давлат педагогика институти томонидан Асака туманидаги қатор маҳаллалар ёшлари қўллаб-қувватланаётганлиги, уларнинг муаммоларини ҳал этишга кўмаклашилаётганлиги ана шу йўналишдаги ишларга бир мисолдир. Хусусан, Андижон давлат педагогика институти ректори, профессор Бахтиёржон Расулов Асака туманида истиқомат қилаётган 50 нафар йигит-қизнинг хонадонига борди, улар билан учрашиб, мулоқотлар ўтказди. 

Мулоқот жараёнида ёшларнинг бандлигини таъминлаш, касб-ҳунарга йўналтириш, маҳаллалардаги маънавий муҳитни янада соғломлаштириш, ёшларни қийнаётган муаммоларни ўрганиш ва ижобий ҳал этиш масалаларига алоҳида эътибр қаратилди. 
Учрашувда олий ўқув юртларига ўқишга кириш учун тайёргарлик кўраётган ва билимини чуқурлаштириш истагини билдирган ёшларга кўмаклашиш мақсадида Андижон давлат педагогика институтида бепул ўқув курслари ташкил этилишига келишилди.
– Мен шу кунларда олий ўқув юртига кириш учун тайёргарлик кўраяпман, – дейди Асака тумани Кўркам маҳалласида яшовчи Асадилло Каримов. – Андижон давлат педагогика институти ректори институтда бепул ўқув курслари ташкил этиб бериши мен каби кўплаб ёшларга жуда қўл келади. Ушбу имкониятдан албатта, фойдаланаман. Энг асосийси, юртимизда ёшларга кўрсатилаётган эътибордан беҳад хурсандман.

Шунингдек, мулоқотларда саломатлигини тиклаш, даволаниш истагини билдирган ёшлар учун малакали шифокорлар бириктирилиб, уларга моддий ёрдам кўрсатилди. Масалан, туманнинг Қашқар маҳалласида яшовчи Санобар Бозорбоевага даволаниши учун ордер олиб берилди.
Шунингдек, учрашувларда ёшларни қийнаётган, лекин ҳал этилиши лозим бўлган қатор муаммо ва масалаларни ҳал этиш юзасидан масъул ташкилот ва идораларга мурожаат хатлари юборилди. Асакалик ёшлар кўрсатилаётган кўмак ва эътибордан беҳад мамнун бўлмоқда. 

2023-05-21 |

Янгиликлар