Тиббиётдаги ислоҳотлар инсон қадри учун

News Image

Сирдарё вилоят ҳокимлиги ва Соғлиқни сақлаш бошқармаси ташаббуси билан Гулистон туманида "Тиббиётдаги ислоҳотлар инсон қадри учун” шиори остида сайёр қабул ўтказилди.

Сайёр қабулда юздан ошиқ фуқароларнинг соғлиги билан боғлиқ муаммолари ўрганилиб, зарурий маслаҳат ва тавсиялар берилди.

Мурожаат қилувчиларнинг йигирмага яқини юрак ишемик касаллиги асорати, туғма юрак нуқсони, ревматоит полиартрит, стенокардия касалликлари сабаб қийналаётгани, даволаниш, стенд қўйдириш ва жарроҳлик амалиётларни ўтказиш масалаларида ёрдам сўраб мурожаат қилди. 20 дан ошиғи бел умуртқа остеохондрози, туғма чаноқ сон нуқсони, сколиоз, иккала чаноқ сон коксартрози, ўнг чаноқ сон бўғими бошчасининг туғма чиқиши, иккала сон чаноқ суягининг емирилиши, иккала тизза остеоартрози каби касалликлари билан боғлиқ жарроҳлик амалиётларини ўтказиш масаласида маслаҳат сўради. Яна бир гуруҳ фуқаролар эса ўт тоши, қандли диабет, кўз касалликлари учун ёрдам сўради.

Даволаниш истагида бўлганларнинг маълум бир қисми вилоят даволаш профилактика муассасаларида, туман тиббиёт бирлашмаси бўлимларида ётиб даволаниши учун йўналтирилган бўлса, маълум бир қисмига ҳуқуқий, тиббий маслаҳатлар берилди.

Ногиронлар аравачаси сўраб мурожаат қилган 3 нафар мурожаатчига Сирдарё вилоят тиббий-ижтимоий хизматларни ривожлантириш бошқармаси томонидан ногиронлар аравачаси, қўлтиқ таёқ, кўз соҳасида муаммоси бор бўлган 300 нафардан ошиқ фуқароларга эса "Соғлом авлод учун" халқаро хайрия жамоат фонди томонидан бепул кўз ойнак, дори воситалари, витаминлар жамланмаси тарқатилди.

Шунингдек, соғлом турмуш тарзини шакллантириш, соғлом овқатланиш, жисмоний фаолликни ошириш каби мавзуларда тушунтириш ва тарғибот тадбири ҳам ўтказилди.

2022-09-18 |

Янгиликлар