Ободлик остонадан бошланади

News Image

Қишнинг совуқ кунлари бўлишига қарамасдан Андижон вилояти Пахтаобод туманида “Ободлик остонадан бошланади” шиори остида ҳудудларни ободонлаштириш, тозалаш ва санитария ҳолатини яхшилаш, аҳоли учун қулай муҳит яратишга қаратилган кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда.

Ободончилик ҳукм сурган ҳудудларда, аввало, аҳоли соғлом ва хуш кайфиятда бўлади. Соғлом ва ижобий руҳдаги фуқаролар жамият ҳаётида фаол иштирок этиб, унинг барқарор ривожига муносиб ҳисса қўшади.

Шу маънода туман ҳокимлиги ташаббуси билан туманнинг аҳоли гавжум жойлари – бозор, савдо мажмуалари, автобекатлар ҳудудлари, маҳалла гузарлари, катта автомобиль йўллари ёқаларида тозалаш ишлари тизимли ва оммавий равишда амалга оширилмоқда. Яъни тозалаш тадбирлари доирасида чиқиндилар йиғиб олиниб, олиб чиқиб кетилмоқда, йўл ёқалари тартибга келтирилмоқда. 

– Ана шу ишларни амалга оширишда нафақат ободонлаштириш бошқармаси ходимлари, балки кўнгиллилар, қатор ташкилотлар вакиллари, фуқаролар фаол иштирок этмоқда, – дейди Пахтаобод тумани ободонлаштириш бошқармаси раҳбари Ҳамиджон Дадабоев. – Мақсадимиз, туманимиз ҳудудида тозалик ва ободликни, қолаверса, экологик муҳит барқарорлигини таъминлашдан иборат.

Тозалаш, ободонлаштириш ишлари тумандаги 62 маҳалланинг барчасида олиб борилмоқда. Бу ишларга туман ободонлаштириш бошқармасининг махсус техника воситалари тўлиқ жалб этилган. 

2026-01-05 |

Янгиликлар