Нишонда байрамона муҳит ва ғамхўрлик уйғун

News Image

Янги йил байрами арафасида Қашқадарё вилоятининг Нишон туманида аҳоли учун қувончли ва эзгу тадбирлар ўтказилди. Вилоят ҳокими Муротжон Азимов Нишон тумани Навбаҳор маҳалласида жойлашган 4-сонли давлат мактабгача таълим ташкилотининг фойдаланишга топшириш маросимида иштирок этди.

Тадбирда маҳалла фаоллари, нуронийлар, соҳа мутасаддилари ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари қатнашди. Вилоят ҳокими болалар боғчасида яратилган шарт-шароитлар билан танишиб, муассасанинг янги қиёфаси ва имкониятларига алоҳида эътибор қаратди. Байрамона муҳитда Қорбобо ҳамроҳлигида болажонларга янги йил совғалари улашилиб, уларнинг қувончи янада ортди.

Маълумки, мазкур мактабгача таълим ташкилоти аввал таъмирталаб ҳолатда бўлиб, бинода болалар таълими ва тарбияси учун зарур шароитлар етарли даражада эмас эди. 2025 йил инвестиция дастури доирасида боғча тўлиқ реконструкция қилиниб, замонавий талабларга жавоб берадиган ҳолатга келтирилди. Натижада 180 ўринли ушбу ДМТТ болалар учун қулай, хавфсиз ва замонавий таълим масканига айланди.

Реконструкция жараёнида энергия тежамкор ва экологик тоза технологиялардан ҳам самарали фойдаланилди. Хусусан, боғча ҳовлисига қуввати 60 киловатт бўлган қуёш панеллари ўрнатилди, том қисмига сув иситиш коллекторлари жойлаштирилди. Шунингдек, бинодаги барча хоналар замонавий иситиш тизимлари билан жиҳозланди. Бу эса муассасанинг йил давомида узлуксиз ва самарали фаолият юритишига хизмат қилади.

Тадбир доирасида ижтимоий ҳимоя масалалари ҳам эътибор марказида бўлди. Хусусан, тумандаги ижтимоий ҳимояга муҳтож бўлган 8 нафар фуқарога Президентимиз ташаббуси билан барпо этилган янги уй-жойлар калитлари тантанали равишда топширилди. Уй калитларини шахсан вилоят ҳокими Муротжон Азимов ўз эгаларига топшириб, уларни Янги йил билан муборакбод этди.

Мазкур тадбирлар Янги Ўзбекистонда инсон манфаатлари, айниқса, болалар таълими ва аҳолининг ижтимоий ҳимояси устувор вазифа сифатида белгиланганининг яна бир амалий ифодаси бўлди. Бу каби ишлар аҳоли турмуш фаровонлигини ошириш, жойларда ижтимоий муҳитни янада соғломлаштиришга хизмат қилади.

2025-12-28 |

Янгиликлар