Қашқадарёда ишсиз фуқароларнинг мурожаатлари тингланди

News Image

Қарши шаҳрида яшовчи Феруза Самаева айни пайтда 36 ёшда, ёлғиз она, шу бирга пойтахтда педагогика йўналишида 3-босқичда сиртқи бўлимда таълим олмоқда.

Аммо рўзғор ташвиши, фарзандининг тарбияси учун доимий даромад манбаи керак. Қўлдан берганга қуш тўймайди деганларидек, яқинларининг ёрдамига ҳам ҳамиша таяниб қололмайди. Ишлаш керак. Шу мақсадда ўзига муносиб иш қидира бошлади.

Қарши шаҳридаги Касбий кўникмалар марказида Қашқадарё вилояти камбағалликни қисқартириш ва бандлик бошқармаси бошлиғи Фахриддин Муҳаммадиев иштирокида ишсиз фуқароларнинг бандлигини таъминлаш масалаларига қартилган сайёр қабул Феруза каби ишсиз фуқаролар учун айни муддао бўлди.  

Раҳбарга мурожаатини айтар экан унинг мушкули осон битди. Тегишли ташкилотлар билан ҳамкорликдаги ҳаракатлар туфайли шу куннинг ўзида Қарши шаҳридаги нодавлат таълим ташкилотларидан бирига тарбиячи сифатида жойлаштирилди.

- Муаммойим қисқа фурсатларда ҳал этилганидан кўнглим тоғдек кўтарилди, - дейди Феруза Самаева. — Энди харажатларимни ўзим бемалол қоплай оламан. Фарзандимга ҳам ғамхўрлик қиламан. Ўқишимни ҳам давом эттираман.  

Таъкидлаш лозимки, сайёр қабулда фуқароларнинг муаммо ва таклифлари жойида эшитилди. Сайёр қабул жараёнида аҳоли бандлигини таъминлаш, доимий даромад манбаларини яратиш, касб-ҳунарга ўқитиш ҳамда тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Мазкур сайёр қабуллар мурожаатлар кўп қайд этилган, шунингдек, такрорий аризалар келиб тушаётган маҳаллаларда ўтказиб келинмоқда.

Бу галги тадбирда 72 нафар фуқаро иштирок этди. Шундан 51 нафарининг мурожаати жойида ҳал этилди. Қолган мурожаатлар эса асосан субсидия ажратиш, ижтимоий нафақа тайинлаш, бандлик дастурлари орқали иш билан таъминлаш ва кредит олишга кўмаклашиш каби масалаларга тааллуқли бўлиб, тегишли мутасадди идораларга ижро учун юборилди.

- Фуқароларнинг муаммоларини жойига бориб эшитиш, уларни иш билан таъминлаш ва ижтимоий қўллаб-қувватлаш фаолиятимизнинг энг устувор йўналишларидан биридир, — дейди бошқарма бошлиғи Ф.Муҳаммадиев.  

Сайёр қабул якунида ҳар бир мурожаат бўйича аниқ чора-тадбирлар белгиланди ва ижросини таъминлаш юзасидан масъуллар зиммасига тегишли вазифалар юклатилди.

2025-11-28 |

Янгиликлар