Эҳтиёжманд оилалар муаммолари аниқланди

Сурхондарё вилояти Денов туманидаги “Инсон” ижтимоий хизматлар марказида туман ҳокими Илҳом Аброров эҳтиёжманд оилалар вакиллари ва уларнинг фарзандлари билан учрашди.
Нуронийлар, илғор педагоглар ҳам иштирок этган тадбирда туман раҳбари мамлакатимизда ижтимоий ҳимояга муҳтож, кам таъминланган оилаларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг фарзандларини жисмонан соғлом, чуқур билимли, маънан баркамол этиб, камолга етказиш юзасидан кўрсатилаётган эътибор ҳақида атрофлича фикр юритди. Ўғил-қизларни илм-фан сирларини мукаммал эгаллаб, келажакда Ватанга муносиб кадрлар бўлиб улғайишга ундади. Оилалардаги муаммолар билан қизиқди.
“Камбағалликдан фаровонлик сари” дастури доирасида ташкил этилган тадбирда эҳтиёжманд оилалар фарзандларига ўқув қуроллари ва бошқа зарур жиҳозлар туҳфа қилинди.
Учрашув якунида “Нуроний” жамғармаси туман бўлими раҳбари Азамат Холматов ва бошқалар ижтимоий ҳимояга муҳтож, кам таъминланган оилалар ва уларнинг фарзандларига кўрсатилаётган ғамхўрликлар учун давлатимизга чуқур миннатдорлик билдирди.