Маҳаллаларда ўз ечимини кутаётган муаммолар ўрганилди

News Image

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Гавҳар Олимова Сирдарё вилоятининг Боёвут туманидаги бир неча маҳаллаларда сайёр учрашувлар ўтказди.

Мулоқотлар давомида аҳолини қийнаётган муаммолар очиқ баён этилди ва уларни жойида ўрганиш, тегишли идоралар билан ҳамкорликда ечим топиш юзасидан амалий ишлар белгиланди.

Шунингдек, депутат Наврўз, Фарҳод, Маънавият ва Ижодкор маҳаллаларида бўлиб, маҳалла фаоллари ва сайловчилар билан очиқ мулоқотлар олиб борди. Учрашувлар давомида фуқаролар томонидан коммунал хизматлар, инфратузилма, таълим муассасалари хавфсизлиги ва дебитор қарздорлик билан боғлиқ долзарб масалалар кўтарилди.

Хусусан, Ижодкор ва Маънавият маҳаллаларида 28 миллиард сўмлик нореал деб ҳисобланаётган қарздорлик масаласи аҳоли норозилигига сабаб бўлаётгани таъкидланди. Маҳалла фаоллари бу масала юзасидан адолатли ечим талаб қилмоқда.

Шу билан бирга, Маънавият маҳалласининг ичимлик суви таъминоти, канализация тизими ва ички кўчалар ҳолати аҳоли учун жиддий муаммолардан бири сифатида қайд этилди.

Беруний маҳалласида жойлашган 1-сонли умумтаълим мактабининг катта йўл бўйида жойлашгани ўқувчилар учун хавф туғдираётгани билдирилди. Маҳалла раиси Исоқул Ғаффоров таълим муассасасига олиб борувчи 250 метрлик пиёдалар йўлагини бетонлаштириш зарурлигини депутатга етказди.

Фуқаролар томонидан оқова сув насоси туман ободонлаштириш бўлими балансига ўтказилиши, йўл таъмири ва бошқа инфратузилмага оид масалалар юзасидан ҳам амалий ёрдам сўралди.

Депутат ҳар бир масалани диққат билан эшитиб, уларни мутасадди идоралар билан ҳамкорликда жойида ўрганиш ва расмий мурожаатлар юбориш юзасидан топшириқлар берди. Ушбу учрашувлар халқ дардини эшитиш, уларнинг кундалик турмушига таъсир қилаётган муаммоларни аниқлаш ва ечим топишда муҳим аҳамият касб этаётгани таъкидланди.

2025-06-25 |

Янгиликлар