Ер ва уй-жой муаммолари ҳал этилмоқда

Юртимизда олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар инсон қадрини улуғлаш, халқ манфаатларини таъминлаш ҳамда ҳуқуқий давлат барпо этишга хизмат қилмоқда. Шу жиҳатдан, мулк ҳуқуқини таъминлаш, фуқароларнинг ер участкалари ва уй-жойларига бўлган ҳуқуқларини қонуний асосда тан олиш масаласи ҳам долзарб аҳамият касб этмоқда.
2023 йилда қабул қилинган “Ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкаларига ҳамда уларда қурилган бинолар ва иншоотларга бўлган ҳуқуқларни эътироф этиш тўғрисида”ги қонун кўп инсонлар тақдири учун ҳал қилувчи аҳамият касб этди. Мазкур ҳуқуқий ҳужжат орқали йиллар давомида ҳал этилмай келган уй-жой ва ер билан боғлиқ муаммоларга ҳуқуқий ечим топилмоқда.
Сирдарё вилоят адлия бошқармасида ташкил этилган навбатдаги семинар ана шу қонун ижросига бағишланди. Унда Адлия вазирлиги мутасадди раҳбарлари, соҳанинг тегишли ташкилотлари ҳамда маҳаллий идоралар вакиллари иштирок этди.
Тадбир доирасида қонунни ҳаётга татбиқ этиш, унинг амалий ижросини таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишлар муҳокама этилди. Ҳужжатда ўз аксини топган асосий нормалар – ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ерларга нисбатан ижара ҳуқуқини эътироф этиш, уларда қурилган биноларга бўлган мулк ҳуқуқини қонунийлаштириш, шунингдек, боғдорчилик ва узумчилик ширкатлари ҳудудидаги турар жойларга тегишли ерларнинг ҳуқуқий мақомини аниқлаш каби масалалар батафсил кўриб чиқилди.
– Қонун ижроси доирасида ҳозирга қадар Сирдарё вилоятида 33 та маҳаллада жами 8 762 та кўчмас мулк объекти хатловдан ўтказилгани қайд этилди. Ушбу хатлов натижаларига кўра, 1 531 та ҳолат қонун нормалари доирасида ўрганиб чиқиш учун муҳокамага чиқарилган,—дейди семинарда иштирок этган Сирдарё вилоят адлия бошқармаси бошлиғи ўринбосари Бобур Назаров.
Бундай кенг кўламли хатлов ва таҳлил ишлари нафақат ҳуқуқий ечим топиш, балки аҳолининг ҳуқуқий маданиятини ошириш, давлат ва фуқаро ўртасидаги ишончни мустаҳкамлашга ҳам хизмат қилмоқда.