Таълимдаги камчиликлар муҳокама қилинди

News Image

Жиззах вилоят ҳокимлиги вилоятдаги ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралари билан биргаликда вояга етмаган ёшлар ўртасида жиноятчилик ва таълим тизимида коррупциянинг олдини олиш масалалари юзасидан йиғилиш ўтказди.

Шароф Рашидов туманидаги 32-сонли умумтаълим мактабида бўлган йиғилишда Президентимизнинг жорий йил 3 январдаги “2025 йилда республика маҳаллаларида хавфсиз муҳитни яратиш ва ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш тизими самарадорлигини янада ошириш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ижроси, ёшлар, вояга етмаганлар иштирокида содир этилаётган қонунбузарликлар, уларнинг сабаблари, шу қаторда таълим муассасалари ходимлари иштирокидаги коррупциявий ҳолатлар таҳлил қилинди.  

Мажлис аввалида вилоят ҳокимининг топшириғи асосида ишчи гуруҳи томонидан суратга олинган умумтаълим мактабларидаги мавжуд камчиликлар акс эттирилган видео  намойиш этилди.

Сўнгра вилоят ҳокимининг ўринбосари А.Савурбоев, вилоят прокурори Б.Иброҳимов, вилоят ички ишлар бошқармаси бошлиғи, генерал-майор Ғ.Қодиров ва бошқалар давлатимиз раҳбарининг жорий йил 3 январдаги юқорида номи айтилган қарори ижроси доирасида амалга оширилаётган ишлар, вояга етмаганлар иштирокида содир этилаётган қонунбузарликлар, уларнинг сабаблари, шунингдек, таълим муассасалари ходимлари иштирокидаги коррупциявий ҳолатлар ҳақида атрофича тўхталиб ўтишди.  

Йиғилишда ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари зиммасига тизимда аниқланган камчиликлар юзасидан айбдор шахсларга нисбатан терговга қадар суриштирув ишларини олиб бориш  юклатилди.  

Шунингдек, йиғилганларга кибержиноятлар тўғрисида атрофлича тушунчалар берилиб, кибержиноятчиликнинг қурбонлари асосан ўқитувчи ва тиббиёт ходимлари бўлиб қолаётгани, ушбу кўзга кўринмас жиноятчиларнинг фирибларига учмаслик, текин, ҳеч қандай меҳнат қилмай даромад топиш ҳеч қаерда йўқлиги ҳақида огоҳ бўлиш лозимлиги таъкидланди.

Тадбир сўнггида вилоят, шаҳар, туман мактабгача ва мактаб таълими тизими раҳбар ва масъуллари жиддий огоҳлантирилиб, келгусида соҳада улар амалга ошириши лозим бўлган аниқ вазифа ва топшириқлар белгилаб берилди.

2025-03-19 |

Янгиликлар