“Обод ва хавфсиз маҳалла” тамойили амалда

Навоий вилояти Учқудуқ туманидаги “Йўлчилар” овул фуқаролар йиғинида ҳам тинчлик ва осойишталикни таъминлаш, ҳуқуқбузарликнинг олдини олиш, ижтимоий-маиший муаммоларни ҳал этиш ҳамда аҳолининг ҳушёрлигини ошириш мақсадида “Обод ва хавфсиз маҳалла” тамойили асосида белгиланган чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Бунда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 3 январдаги “2025 йилда республика маҳаллаларида хавфсиз муҳитни яратиш ва ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш тизими самарадорлигини янада ошириш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори дастуриламал вазифасини бажармоқда.
Овулда ўтказилган тадбир доирасидаги ишларда ҳуқуқ-тартибот идоралари вакиллари, электр энергияси, газ, ободонлаштириш хизмати ходимлари, шунингдек, тиббиёт ҳамда санитария эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги туман бўлими мутахассислари иштирок этди.
– Овул фуқаролар йиғинимизда 1016 та оилада қарийб 4,5 минг нафарга яқин аҳоли истиқомат қилади, – дейди фуқаролар йиғини раиси Ўктам Туллаев. – Тадбир давомида тиббиёт ходимлари томонидан овулимизда яшовчи 44 нафар ногирон, 1 нафар якка-ёлғиз фуқаромиз яшаш хонадонларида умумий профилактик кўрикдан ўтказилди. Ҳуқуқ-тартибот идоралари вакиллари томонидан 67 нафар профилактик ҳисобда турувчи фуқаролар билан суҳбатлар олиб борилди. Ажрим ёқасига келиб қолган 2 та оиланинг яшаш шароити, ўзаро келишмовчиликларнинг сабаблари ўрганилди. Кўчаларимизда йиғилиб қолган маиший чиқиндилар олиб кетилди.
Ёнғин хавфсизлиги тизими ходимлари аҳоли хонадонларида бўлиб, ёнғин хавфсизлиги қоидаларига риоя қилишга доир тарғибот-тушунтириш ишларини олиб боришган бўлса, электр энергияси таъминоти корхонаси ходимлари мавжуд трансформаторларни техник кўрикдан ўтказиб, носозликлар бартараф этилди.
“Обод ва хавфсиз маҳалла” тамойили ҳудуд ободлиги, бу ерда яшайдиган аҳоли тинчлиги ва осойишталигини таъминлашда муҳим аҳамиятга эга.