Муаммоларга ўз вақтида ечим топилмоқда

News Image

Навоий вилояти Нурота туман адлия бўлими томонидан маҳаллаларда олиб борилаётган ўрганишлар жараёнида аниқланган муаммоларга қонуний ечим топилмоқда.

Шундай муаммолардан бири ибн Сино маҳалласида яшовчи Муқаддас Эсанованинг муаммосидир. 

Маълум бўлишича, у 2005 йил 1 январдан 2015 йил 31 декабрига қадар “Шоҳ жаҳон” хусусий корхонасида ишлаган. Аммо пенсияга чиқиш пайтида корхонада ишлаган даврида олган иш ҳақи маълумотлари топилмаганлиги сабабли, Бюджетдан ташқари пенсия жамғармаси туман бўлими томонидан унинг 10 йиллик иш стажи инобатга олинмаган. 

– Ушбу муаммони ҳал қилиш юзасидан тегишли ҳужжатлар ўрганилганда, М.Эсанованинг ҳақиқатдан ҳам шу даврда “Шоҳ жаҳон” хусусий корхонасида ишлаганлиги ва ушбу йиллар унинг меҳнат дафтарчасида қайд этилганлиги маълум бўлди, – дейди Нурота туман адлия бўлими бошлиғи Умид Сувонов. – Маълумки, меҳнат дафтарчаси иш стажини тасдиқловчи асосий ҳужжат ҳисобланади. Шуни инобатга олган ҳолда, Навоий туманлараро маъмурий судига тегишли тартибда ариза киритилди. 

Суд томонидан ариза кўриб чиқилиб, М.Эсановага пенсия тайинлашда 2005 йил 1 январдан 2015 йил 31 декабргача бўлган даврни меҳнат стажи ҳисобига қабул қилиш ҳақида қарор чиқарилди. 

2025-01-04 |

Янгиликлар