Ҳамжиҳат бўлиб ишласак, барча мақсадларга эришамиз
Ўтган ҳафта иш бошлаган Самарқанд вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи А.Бобоев ҳудудларда бўлиб, ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларнинг бориши, аҳоли турмуш даражаси билан танишиб, халқ билан юзма-юз мулоқот қилмоқда.
Вилоят ҳокими дам олиш кунлари Самарқанд шаҳрида амалга ошириладиган янги лойиҳалар билан танишиб, Қорасув массивидаги маҳаллаларда аҳоли билан суҳбатлашган бўлса, ҳафта бошида Пастдарғом ва Ургут туманларида бўлди.
А.Бобоев шаҳарнинг Қорасув массивида мавжуд муаммоларни бартараф этиш, бу ерда истиқомат қилаётган аҳоли учун барча шароитларни яратиш юзасидан мутасаддиларга топшириқлар берди.
Ушбу ҳудудда барпо этилаётган “Янги Ўзбекистон” массивининг бош режаси лойиҳаси билан танишди. Шунингдек, янги қурилаётган мактаб биноси кўздан кечирилиб, бинода энергия тежамкор қурилиш материаллари ва техник жиҳозлардан фойдаланиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи А.Бобоев Пастдарғом ва Ургут туманларида сектор раҳбарларининг ҳудудни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича тақдимотлари билан танишиб, жойларда аҳоли учун қулай инфратузилма яратиш, тадбиркорлик субъектларини фаол қўллаб-қувватлаш орқали иқтисодиётни ривожлантириш ва янги иш ўринлари очиш зарурлигини таъкидлади.
– Ҳудудларни ҳар томонлама ривожлантириш, одамлар учун қулай меҳнат ва турмуш шароити яратиш юзасидан ҳар бир раҳбар, мутасадди олдига аниқ вазифа қўйилган, – деди А.Бобоев. – Агар ҳокимлар, сектор раҳбарлари ҳамжиҳат бўлиб, ўз масъулиятини ҳис қилган ҳолда зиммасидаги вазифаларни астойдил бажаришга ҳаракат қилса, албатта, олдимизга қўйилган мақсадларга эришамиз, вилоятимизни яна ҳам обод қиламиз, одамлар турмуш даражасини оширамиз.