Бош прокурор қиш мавсуми билан боғлиқ камчиликларни бартараф этишга қаратилган ўрганишларни давом эттирмоқда

News Image

Хабар берганимиздек, Бош прокуратура томонидан куз-қиш мавсумида аҳолининг ресурсларга бўлган эҳтиёжини таъминлаш учун зарур чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Энергия ресурсларини талон-торож қилиш ҳолатларининг олдини олиш, ресурсларни иқтисод қилиш ва етказилган зарарларни ундириш билан боғлиқ амалий ишлар давом эттирилмоқда.

Шу мақсадда Ёқилғи-энергия ресурсларидан фойдаланиш устидан давлат назоратини самарали ташкил этиш ва мувофиқлаштириш бўйича Республика штаби ҳам фаолият юритмоқда.  

Бош прокурор Ниғматилла Йўлдошев Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ тумани ва Чирчиқ шаҳрида қиш мавсумига тайёргарлик ишларида аниқланган камчиликларни бартараф этишга қаратилган кўрсатмалар берганини маълум қилган эдик.    

Бош прокурор шу йўналишдаги ишларни давом эттириб, Оҳангарон тумани ва Ангрен шаҳрида бўлиб, қиш мавсумига тайёргарлик ишлари, ижтимоий соҳа объектлари энергия ресурслари билан таъминланиши аҳволига алоҳида эътибор қаратди.  

“Тошкент сув таъминоти” акциядорлик жамияти тасарруфидаги “Аэрация” оқава сувларини тозалаш иншоотида олиб борилаётган ишлар ўрганилиб, масъулларга қайта ишланадиган сув ҳажмини ошириш, қурилиш ишларини ўз муддатида якунлаб, фойдаланишга топшириш бўйича топшириқ берилди.  

“Ангрен иссиқлик электр станцияси” акциядорлик жамияти ускуналарининг қиш мавсумига тайёрлиги, ёқилғи захирасининг етарли даражада жамғарилгани аҳволи ҳам ўрганилди. Унда жамиятнинг корхонадан бўлган дебитор қарздорлигини қисқартириш ва бюро томонидан қарздорлик учун мол-мулкларни хатлашда қонун талабларига риоя этиш бўйича кўрсатмалар берилди.  

Чинниобод маҳалласидаги аҳолига кўмир тарқатиш омборида мавжуд захира ўрганилди. Омборда мавжуд тарозини таъмирлаш ва етказиб берилаётган кўмир маҳсулоти учун чегирмани 10 фоиздан 15 фоизга ошириш тавсия этилди.  

“Ангрен иссиқлик энергияси” давлат унитар корхонаси  тасарруфидаги магистрал иссиқлик тармоқларини мукаммал таъмирлаш бўйича амалга оширилган ишлар аҳволи кўздан кечирилди. Масъулларга эскирган қувурларни таъмирлаш, объект пудратчи томонидан белгиланган муддатда фойдаланишга топширилмагани ҳолати юзасидан шаҳар прокуратураси томонидан терговга қадар текшириш ўтказиш ҳақида топшириқ берилди.  

Ўрганишлар Оҳангарон туманида давом эттирилиб,  Нуробод маҳалласида жойлашган 1-насос станцияси иш фаолияти билан танишилди. Насослар сони камлиги учун узоқ ҳудудлардаги аҳолига иссиқлик энергиясини етказиб беришда муаммолар мавжудлиги аниқланди. Шу боис, қўшимча насос ажратиш бўйича кўрсатма берилди.  

21-сонли мактабгача таълим ташкилотининг қиш мавсумига тайёргарлиги аҳволи ўрганилиб, мутасаддиларга бинони капитал таъмирлашни давлат дастурига киритиш масаласи муҳокама қилинди. Боғчанинг иситиш тизимини таъмирлаш учун 2023 йилда олиб келинган металл қувурлар харид қилиниши бўйича терговга қадар текшириш ўтказиш бўйича топшириқ берилди.  

“Нуробод” ним станциясидаги қиш мавсумига тайёргарлик аҳволи ўрганилиб, аҳоли ва иқтисодиёт тармоқларига узлуксиз электр энергияси етказиб берилишини таъминлаш вазифаси топширилди.  

2024-11-29 |

Янгиликлар