Ҳоким билан учрашувлар самимий ва самарали ўтди
Вилоят ҳокими Ботир Зарипов Бухоро муҳандислик-технология институтида бўлди. Дастлаб вилоят раҳбари олий таълим масканидаги истиқболли илмий-инновацион ишланмалар ва тижоратлаштириш лойиҳалари билан танишди.
Жумладан, энергия истеъмоли объектларини “яшил энергетика”га ўтказиш учун самарадор рағбатлантириш тизимини ишлаб чиқиш ва жорий қилиш, саноат корхоналари тутун газларини тозалаш технологиясини яратиш, биноларни иссиқлик сарфи истеъмоли ва самарадорлик синфини автоматик аниқлаш каби бугунги кун учун долзарб саналган лойиҳалар вилоят ҳокимида ҳам катта қизиқиш уйғотди.
Шу ерда xonadon.bmti.uz платформаси тақдимоти ҳам ўтказилди. Ушбу онлайн платформа фуқаролар, қурилиш компаниялари ва ҳокимият ўртасидаги муносабатларни тартибга солади. Фуқаролар тендерларни кўриш, хонадонлар ҳақида маълумот олиш ва қурилиш жараёнини кузатиш имкониятига эга бўлади.
Ботир Зарипов муҳандислик йўналишидаги бундай илғор стартап ва инновацион лойиҳаларни ишлаб чиқаришга кенг жорий этиш зарурлигини таъкидлади. Бу борада мутасаддиларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берди. Бухоро муҳандислик-технология институтида “Ўзбекнефтегаз” АЖ ҳамкорлигида “КИБEРНEФТГАЗ” илғор муҳандислик мактаби ташкил этилган бўлиб, ҳоким мактаб фаолияти билан ҳам танишди.
Мактабда ўқув машғулот қурилмалари, симуляторлар, замонавий дастурлар, ВР зоналар мавжуд. Мазкур мактабда давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, юртимизда мавжуд бўлмаган муҳандислик йўналишлари – таннарх муҳандислиги, қиёслаш муҳандислиги, қайта муҳандислик йўналишлари ўқитилиб, ишлаб чиқаришда муаммоли вазиятни ҳал этишга қодир кадрларни тайёрлаш мақсад қилинган.
Шундан сўнг, вилоят раҳбари институт талабалари билан мулоқот қилди. Очиқ, самимий тарзда ўтган мулоқотда ёшларни қизиқтирган саволларга батафсил жавоб берди. Талабалар ўзларининг ўқиш шароити, келгуси режалари ҳақида гапирди, уларни ҳаётга татбиқ этишда маслаҳат ва кўмак сўради. Ҳар бир таклиф ва ташаббусни ўрганиб чиқиш ҳамда қўллаб-қувватлаш бўйича масъулларга вазифалар юклатилди.
Вилоят раҳбари талабалар учун яратилган шароитлар билан яқиндан танишиш мақсадида институтнинг талабалар турар жойини кўздан кечирди. Талабалар билан самимий суҳбатда вилоят раҳбари бугун улардан кутилаётган нарса, аввало, ўзлари яшаётган ҳамда таълим-тарбия олаётган масканларни ҳурмат қилишлари ва ўз уйларидек тутишлари зарурлигини уқтирди.
Талабаларни ҳарбий ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, жамоат тартибини сақлашга кўмаклашиш, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашиш, олий таълим муассасаларида ижтимоий-маънавий муҳитни барқарорлаштиришга кўмаклашиш мақсадида мазкур олий таълим муассасасида “Қалқон” жамоатчилик гуруҳи ташкил этилган.
Ботир Зарипов мазкур гуруҳ аъзолари билан ҳам мулоқот қилди. Жамоатчилик гуруҳининг талабалар хавфсизлигини таъминлаш, улар ўртасида ҳуқуқбузарлик, жиноятчиликнинг олдини олиш ҳамда таълим муассасасини хавфсиз ҳудудга айлантириш борасидаги ишларга муваффақият тилади.