Аҳоли мурожаатлари ижобий ҳал этилмоқда

News Image

Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги Навоий вилояти бошқармаси бошлиғи Қаҳрамон Ражабов ва вилоят Соғлиқни сақлаш бошқармаси раҳбари Нурали Сафоев иштирокида Нурота туманининг Нуробод маҳалласида сайёр қабул ўтказилди.

Фуқаролар томонидан билдирилган масалалар бирма-бир муҳокама қилиниб, уларнинг аксарияти жойида ижобий ҳал этилди. Қолганлари ҳам қисқа муддатларда ўз ечимини топиши бўйича мутасаддиларга топшириқлар берилди. Мурожаатлар асосан тиббий муассасаларга даволаниш ва реабилитация дастурини ўташ учун йўлланма бериш, соғлигини тиклаш учун моддий ёрдам ажратиш, бандликни таъминлаш ва санаторийга ариза топшириш  масалаларига доир бўлди.  

– Юртбошимиз ташаббуслари билан жойларда сайёр қабуллар ташкил этилмоқда, – дейди Нурия Хидирова. – Сайёр қабуллар давомида аҳолимизни қийнаб келаётган муаммоларига ечим топилмоқда. Бугунги учрашувда соғлигимни тиклаш мақсадида санаторийга йўлланма масаласида мурожаат қилдим. Мурожаатим ижобий ҳал этилди. “Саховат ва кўмак” жамғармасидан маблағ ажратишди. Маҳалламиздаги ижтимоий ходим келиб, аҳволимдан хабар олиб туради.  

Тадбир давомида ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳолининг муаммолари хонадонларига борган ҳолда ҳам ўрганилди. Умуман олганда, қабул давомида 18 та мурожаат қабул қилиниб, уларнинг аксариятига жойида ечим топилди. Вақт ва маблағ талаб этадиган муаммолар ижросини таъминлаш бўйича “Йўл харитаси” ишлаб чиқилиб, ижроси назоратга олинди.   

 

2024-10-24 |

Янгиликлар