Аҳоли муаммолари жойида ҳал этилмоқда

News Image

Аҳоли муаммоларини ўрганиш, уларга манзилли кўмаклар бериш мақсадида Бухоро вилояти 4-сектор раҳбари Д.Юлдашев белгиланган режа-графикка мувофиқ 4-сектор ҳудудларида сайёр қабуллар ўтказиб келмоқда.

Навбатдаги сайёр қабул Ромитан тумани “Марзия” маҳалла фуқаролари йиғинида ўтказилди. 

Қабулда туман секторлари раҳбарлари, маҳалла еттилиги, ҳамда тегишли ташкилот вакиллари қатнашди. 

Қабулда сектор раҳбарига 30 га яқин фуқаролар томонидан кадастр ҳужжатларини тайёрлаш, моддий ёрдам, дори-дармон, ички йўлларга шағал ётқизишга кўмаклашиш, ижтимоий ҳимояга муҳтож фуқароларга ногиронлик аравачаси ва иш билан бандлигини таъминлаш масалаларида мурожаатлар йўлланди. 

Мурожаатларнинг 20 дан ортиғи шу ернинг ўзида тегишли ташкилот вакиллари иштирокида ҳал этилди. 

Ижтимоий ёрдамга муҳтож 1 ва 2-гуруҳ ногиронлиги бўлган 3 нафар хотин-қизга шу ернинг ўзида бир марталик моддий ёрдам пуллари берилди. 2 нафар ногиронлиги бўлган фуқароларга юриш учун махсус мослама ва ногиронлик аравачаси, 5 нафар эҳтиёжманд оилага озиқ-овқат маҳсулотлари берилди. Шунингдек, қолган фуқароларга мурожаатлар юзасидан ҳуқуқий тушунтиришлар берилди. 

– Бугун вилоят 4-сектор раҳбарининг сайёр қабулига келдим, –дейди “Марзия” маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи Зуҳра Ярашева. – Мурожаатим ўз вақтида ечим топди. Менга ногиронлик аравачаси беришди. Бундан жуда ҳам хурсандман. 

– “Аёллар дафтари”да рўйхатда тураман, – дейди “Марзия” маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи Гулсара Умарова. – Сектор раҳбарига моддий ёрдам сўраб мурожаат қилдим. Менга бир марталик моддий ёрдам берилди. 

Бу каби сайёр қабуллардан кўзланган мақсад чекка ҳудудлардаги аҳолининг оғирини енгил қилиб уларнинг давлат органларига бўлган ишончини оширишдан иборатдир. 

Вилоят 4-сектор раҳбарининг жойлардаги сайёр қабуллари режа асосида давом этмоқда. 

2024-06-02 |

Янгиликлар