Эҳтиёжмандларга мурувват кўрсатилмоқда
Самарқанд вилоятида ҳам Рамазон ойи муносабати билан аҳолининг ижтимоий кўмакка муҳтож қатлами, кексалар ва беморлар ҳолидан хабар олиниб, уларга мурувват кўрсатилмоқда.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси вилоят вакиллигининг маълумотларига кўра, шу кунларда Ургут туманидаги масжидлар имом хатиблари ҳомийлар кўмагида моддий кўмакка мухтож, боқувчисини йўқотган, ногиронлиги бор 189 оилага озиқ-овқат маҳсулотлари ва уй-рўзғор буюмлари, шунингдек, нақд пул шаклида 75 миллион сўмликдан ортиқ моддий ёрдам кўрсатди. Шунингдек, эҳтиёжманд 30 оила вакиллари учун ифторлик дастурхона ёзилиб, совғалар улашилди.
– Яратганга шукр, халқимиз саховатли, савобли ишларда камарбаста, – дейди Ургут туман бош имом хатиби Aбдуғани Ҳасанов. – Тадбиркорларимиз, савобли ишга бош қўшишни ният қилган юртдошларимиз масжидларимизга ёки маҳаллага бориб, Рамазон ойида хайрия қилмоқчи эканлигини айтиб, қайси оилалар кўмакка муҳтожлигини сўраяпти. Ўзлари билган оилалар, қўни-қўшниларига саховат кўрсатаётганлар ҳам кўп. Яна кўпчилик катта-катта ифторлик маросимлари ўтказиш ўрнига, бу тадбирларга кетадиган озиқ-овқатни оилаларга бўлиб бермоқда. Бундай хайрли ишлар одамларнинг бир-бирига меҳр-оқибатини мустаҳкамлаб, элимиз ўртасида ҳамжиҳатликни таъминлайди.
Бу каби мурувват тадбирлари Булунғур ва Иштихон туманларида ҳам ташкил этилиб, 130 дан ортиқ хонадонга 65 миллион сўмлик моддий ёрдам кўрсатилди. Хусусан, Иштихон туманидаги ижтимоий кўмакка муҳтож хонадонларда яшовчи 23 оилага озиқ-овқат маҳсулотлари тарқатилди.