Бухорода “Сайхунобод тажрибаси” оммалашади
Давлат раҳбарининг Сирдарё вилоятининг оғир тумани ҳисобланган Сайхунободга ташрифи, бу ерда аҳоли даромадларини ошириш бўйича Президент ташаббуси асосида яратилаётган тажриба – давлат уй хўжаликларига ўз имкониятларини тўлиқ ишга солишга кўмаклашиши тамойили айни кунда бутун республика вилоятлари, барча маҳаллаларда амалда қўлланилмоқда.
Бухоро вилояти ҳокимлигида Сайхунобод тажрибаси асосида ҳудудларда аҳоли даромадларини ошириш бўйича ишларни ташкил этишга доир ўқув-амалий семинар бўлиб ўтди.
Эндиликда Сайхунобод тажрибаси асосида Бухоро вилоятида ҳам ҳар бир маҳаллада 7 тагача камбағал, даромадли меҳнат билан шуғулланишга иштиёқи бор ночор хонадонлар танлаб олинади. Уларга ҳудуддаги етакчи тадбиркорларни жалб қилган ҳолда лаёқатига мос равишда чорвачилик, паррандачилик, асаларичилик, қуёнчилик, балиқчилик каби тармоқлар билан бирга томорқа хўжалигини ривожлантириш, шунингдек, 3 сотих атрофидаги иссиқхона фаолиятини йўлга қўйиш ва бунинг натижасида сараланган оилаларнинг бир йилда 50 миллион сўмдан ошириб даромад топишига кўмаклашиш чора-тадбирлари кўрилади.
Маҳаллаларга бириктирилаётган тижорат банклари масъуллари жойлардаги ҳоким ёрдамчилари кўмагида сараланган хонадонларда даромад манбаини яратиш, томорқа маданиятини шакллантириш, сабзавот-полиз маҳсулотлари етиштириш, кўчат ўтқазиш, ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш, қолаверса, аҳолига савдо ва хизмати кўрсатиш, бўш турган бинолардан самарали фойдаланиш ишларига шахсан жавобгар ҳисобланади.
Бу борада амалга оширилаётган кундалик ишлар вилоят штабида муҳокама қилиб борилади.
Ўқув-амалий семинарда масъулларнинг ахборотлари тингланди. Сайхунобод тажрибасини жойларда оммалаштириш юзасидан масъул мутасаддиларга зарур тавсиялар берилиб, аниқ вазифалар белгиланди.