Сенат раиси Боёвутда депутатлар билан учрашди

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати раиси Танзила Норбоева ҳудудларда олиб борилаётган иқтисодий-ижтимоий ислоҳотлар, аҳоли, хусусан, аёллар ва ёшларнинг спорт билан шуғулланиши учун яратилган шароитлар ҳамда маҳаллий Кенгашлар фаолияти билан яқиндан танишиш мақсадида Сирдарё вилоятининг Боёвут туманида бўлди.
Танзила Норбоева Боёвут тумани ҳокими,сенатор Дилфуза Уралова ҳамроҳлигида тумандаги Учтургон маҳалласида жойлашган 1-сонли спорт мактабига борди.Мактабда ёшларнинг спорт билан шуғулланиши учун яратилган шароитлар, спорт бўлимларининг фаолияти, машғулотлар жадвали билан танишиб, спортчи ва мураббийлар билан учрашди.
Сенат раиси туман ҳокимлигида Президентимизнинг жорий йил 2 февралдаги “Маҳаллий давлат ҳокимияти вакиллик органларининг фаолияти самарадорлигини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонининг мазмун-моҳияти, фармонда белгиланган асосий вазифалар ижроси юзасидан ҳудуддаги депутатлар билан очиқ, самимий мулоқот қилди.