Шаҳрихонда қишга қандай тайёргарлик кўрилмоқда?

News Image

Андижон вилоятининг туман ва шаҳарларида куз-қиш мавсумига тайёргарлик, қиш мавсумини беталафот ўтказиш борасида кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда. Жумладан, Шаҳрихон туманида ҳам мазкур йўналишда муайян ишлар амалга оширилмоқда.

Айни кунга қадар тумандаги ижтимоий соҳа объектлари, хусусан, 6 та касб-ҳунар коллежи, 76 та умумтаълим мактаби, 56 та мактабгача таълим, 19 та тиббиёт муассасасида бу борада тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Уларни электр энергияси, табиий газ билан узлуксиз таъминлаш учун носоз газ ва электр энергияси тармоқлари таъмирланмоқда.    

Ижтимоий соҳа объектларига жорий мавсумда жами 12 минг 364 тонна кўмир етказиб берилиши режалаштирилган. Айни кунга қадар  10 минг 507 тонна кўмир захираси яратилиб, белгиланган режа 85 фоизга бажарилган.  

Шифохона ва мактаблар, мактабгача таълим муассасалари хоналарида ҳароратнинг мўътадил бўлишини таъминлаш учун деразалар плёнкалар билан қопланмоқда.  

Жорий йилда туманда 32 та ижтимоий соҳа объектида иситиш тизимини давлат хусусий шерикчилик асосида ташкил этиш бўйича ишлар олиб борилмоқда. Тадбиркорлар томонидан ҳозирга қадар 12 та объектда мазкур йўналишдаги ишлар якунига етказилди, 20 объектда олиб борилаётган ишлар 10 ноябрга қадар якунланиши кўзда тутилган.    

Олиб борилаётган ишларга қарамасдан айрим ижтимоий соҳа объектлари, хусусан, туман марказий шифохонаси, қатор мактаб, мактабгача таълим ташкилотларида мавжуд қозонхоналарни таъмирлаш, иситиш тизимини соз ҳолатга келтириш борасидаги ишларни амалга оширишда сусткашликка йўл қўйилмоқда. Мазкур йўналишдаги ишларни ўрганиш бўйича ишчи гуруҳ томонидан мавжуд камчиликларни бартараф этиш юзасидан ана шу муассасалар мутасаддиларига тегишли тавсия ва кўрсатмалар берилди.      

Тумандаги мавжуд 89 та кўп қаватли уйнинг 20 таси табиий газ билан таъминланган. Ана шу уйлардаги носоз ва таъмирталаб газ тармоқлари жорий ва капитал таъмирланди. Бундан ташқари, 69 та уй аҳолисига суюлтирилган газ етказиб берилмоқда.  

Кўп қаватли уйларнинг ташқи фасадларини таъмирлаш, подъездларнинг синган ойналарини алмаштириш, уйлар олдидаги чиқиндиларни ташиб кетиш ишлари ҳам режа асосида олиб борилмоқда.  

Электр энергияси таъминотини яхшилаш бўйича ҳам тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Тумандаги электр трансформатор пунктининг 49 таси таъмирланди, 9 та янги трансформатор пункти ўрнатилди. Натижада ижтимоий соҳа объектлари ҳамда аҳоли хонадонларининг электр энергияси таъминоти янада яхшиланди.  

– Маҳалламиз тумандаги энг катта маҳаллалардан бири ҳисобланади,– дейди “Чўжа” маҳалла фуқаролар йиғини раиси Мўйдинжон Деҳқонов. – Маҳалламиздаги 28 та кўчада 5 минг нафардан ортиқ аҳоли яшайди.    

Электр энергияси таъминоти бўйича маҳалла аҳлини қийнаётган муаммолар куз-қишга тайёргарлик доирасида бартараф этилди. Ҳудудимиздаги носоз ҳолатга келиб қолган 2 километр электр симлари янгиланди, 50 дона эски ёғоч устунлар темир-бетонли устунларга алмаштирилди.      

Туманда ичимлик сув таъминотини яхшилаш бўйича зарур ишлар олиб борилмоқда. Жумладан, куз-қишга тайёргарлик доирасида 4 та сув иншооти таъмирланиб, 1,3 километр янги сув тармоғи тортилди.  

Туманда табиий газ етказиб берилмайдиган маҳаллалар аҳолисига 45 минг 886 тонна кўмир етказиб берилиши режалаштирилган. Шу кунга қадар аҳолига 23 минг 653 тонна кўмир тарқатилган бўлиб, кўмир етказиб бериш режаси 55 фоизга бажарилган.    

Шу ўринда айтиб ўтиш керакки, туманда қарийб бир ярим ойдан буён маҳаллаларда аҳолига арзон кўмир етказиб бериш ишлари тўхтаб қолган. Лекин кўмирга эҳтиёжи бор аҳоли томонидан ҳар бир маҳаллада кўмир олувчилар рўйхати шакллантирилган. Мутасаддилар мазкур масалага ҳам эътибор қаратса, мақсадга мувофиқ бўлар эди.    

Умуман, Шаҳрихон туманида куз-қиш мавсумига тайёргарлик ишлари белгиланган режа асосида, тизимли равишда олиб борилмоқда. Мавжуд муаммоларни бартараф этиш бўйича зарур чоралар кўрилмоқда.    

2023-11-11 |

Янгиликлар