Кўкдалада сайёр қабул
Қашқадарё вилоят адлия бошқармаси бошлиғининг ўринбосари Ж.Зоҳидов иштирокида вилоятнинг Кўкдала тумани “Чорвадор“ МФЙда сайёр қабул ташкил этилди.
Қабулда туман адлия бўлими, ЯХКМ, ФҲДЁ, ДХМ, нотариус, адвокат ҳамда туман ташкилотлари масъуллари иштирок этди.
Мулоқотда Қанотли, Тошли каби қўшни маҳаллалар фуқаролари ҳам қатнашиб, масалалари юзасидан ҳуқуқий тушунтиришлар олишди.
Бунда, айниқса, “Аёллар дафтари”га киритилган, ижтимоий ҳимояга муҳтож, алоҳида назоратда турган фуқаролар мурожаатлари юзасидан муаммолар ўз жойида ечим топди.
Масалан, “Чорвадор” маҳалла фуқароси Гулҳаё Раҳматиллаеванинг 9 йилдирки никоҳ гувоҳномаси йўқ. У айни пайтда 2 фарзанднинг онаси. Оилада эътиборсизлик ҳамда масофа узоқлиги сабабли вақтида никоҳ ҳужжатини тиклашда амалий кўмак сўраб мурожаат қилмаган. Унинг мурожаатига шу ернинг ўзида ижобий ечим топилди.
Фуқаро Азамат Жўраев марҳум укаси Рустам Жўраевнинг вафот этганлик ҳақидаги гувоҳномасини расмийлаштириш бўйича мурожаат қилди. Шу куннинг ўзида мурожаат талаби қаноатлантирилиб, ўлимни қайд қилиш бўйича гувоҳнома берилди.
Бундан ташқари, қабулда никоҳдан ўтиш истагида бўлган ёшларнинг аризалари қабул қилиниб, туман ФҲДЁ бўлими томонидан иш юритувига олинди.
Сайёр қабул давомида жами 50 нафардан ортиқ фуқаро иштирок этган бўлса, 30 га яқин фуқаронинг мурожаати жойида ҳал этилиб, 12 нафар фуқаронинг мурожаати иш юритувига олинди. 8 нафар фуқарога ҳуқуқий тушунтириш берилиб, 10 нафардан ортиқ фуқарога сайёр давлат хизматлари кўрсатилди ҳамда 3 нафар фуқарога шахсни тасдиқловчи ҳужжатини олишда амалий ёрдам берилди.
Тадбир доирасида “Ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш” номли ҳуқуқий акция ҳам ўтказилиб, акция доирасида фуқароларга ногиронлик аравачалари ва бошқа зарур воситалар топширилди.