Аҳоли Халқ қабулхоналари орқали раҳбарларга видео-алоқа орқали мурожаат йўллаши мумкин бўлади

“Мурожаатларни кўриб чиқиш ва назорат қилиш жараёнларига рақамли технологияларни кенг жорий қилиш тўғрисида”ги президент қарори лойиҳаси эълон қилинди.
Белгиланишича:
- 2023 йил 1 апрелдан аҳоли маҳалладан туриб давлат органлари раҳбарларига видео-алоқа орқали мурожаат учун сўров юбориш ва Халқ қабулхоналари орқали давлат органлари раҳбарларига видео-алоқа орқали мурожаат қилиш;
- 2024 йил 1 январдан вилоятлар марказларида жойлашган маҳаллалардан туриб;
- 2025 йил 1 январдан туман марказларида жойлашган маҳаллалардан туриб;
- 2026 йил 1 январдан республика барча ҳудудидаги маҳаллалардан туриб давлат органлари раҳбарларига видео-алоқа орқали мурожаат йўллаш амалиёти жорий қилинади.
Маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш вазирлиги:
- Қорақалпоғистон Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари билан биргаликда 2022 йил ноябрга қадар маҳалладан туриб давлат органлари раҳбарларига видео-алоқа орқали мурожаат қилиш амалиётини жорий қилиш мақсадида республика барча маҳалла фуқаролар йиғини биноларини ташкилий техник ишларга тайёр ҳолатини ўрганиб, Вазирлар Маҳкамасига киритиш учун таҳлилий маълумот тайёрлаш;
- Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги “Ҳудудий электр тармоқлари”, “Ўзсувтаъминот” ва “Ҳудудгазтаъминот” билан биргаликда 2023 йил 1 январдан босқичма-босқич маҳалла фуқаролар йиғини биноларини зарурий коммуникация тармоқларига улаш;
Қорақалпоғистон Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги билан биргаликда 2023 йил февралга қадар:
- маҳалла фуқаролар йиғинларини барча давлат органлари раҳбарларига видео-алоқа орқали мурожаат қилиш учун сўров юбориш имкониятини берувчи зарур техник воситалар билан таъминлаш;
- маҳалла фуқаролар йиғинларини замонавий ахборот-коммуникациялари технологиялари бўйича кўникмага эга камида биттадан ходим билан тўлдириш;
- барча давлат органлари раҳбарларига видео-алоқа орқали мурожаат қилиш бўйича сўров юбориш юзасидан тегишли масъул ходимларни Ягона онлайн платформада ишлаш бўйича малакасини ошириш;
- 2023 йил мартга қадар босқичма-босқич маҳалла фуқаролар йиғинларида фуқаролар барча давлат органлари раҳбарларига видео-алоқа орқали мурожаат қилиш учун сўров юбориш амалиётини жорий қилиш юзасидан зарур чораларни кўради.
Бунда, давлат органлари раҳбарларига видео-алоқа орқали мурожаат йўллаш жисмоний ва юридик шахслар ўз маҳалласидан туриб юборган сўровига асосан ҳудудлардаги Халқ қабулхоналари орқали амалга оширилади.