"Маҳалла еттилиги" вазифалари муҳокама этилди

News Image

Ширин шаҳрида “Маҳаллани халқ билан давлат ўртасидаги кўприк вазифасини ўтовчи мустақил ва халқчил тузилмага айлантиришда “маҳалла еттилиги” олдида турган долзарб вазифалар” мавзусида амалий семинар ташкил этилди.

Маҳаллалар уюшмаси вилоят бошқармаси ҳамда Ширин шаҳар ҳокимлиги ҳамкорлигида  ташкил этилган  мазкур семинарда Сирдарё вилоят ҳокими Акмалжон Маҳмудалиев ҳам иштирок этиб, “еттилик” фаолиятини самарали ташкил этиш, унинг маҳалла ҳаётидаги ўрнини ошириш ва бошқа масалалар юзасидан гапирди.  

Нафақат Ширинда, вилоятнинг барча туманларида аҳолининг бандлигини таъминлаш, даромадини ошириш,  “Сайхунобод”, “Уйчи”, “Зарбдор”, “Ғиждувон” тажрибаларини оммалаштириш, кам даромадли хонадонларга 5 хил лойиҳа пакетларини тақдим қилиш, банклар фаолиятини жонлантириш, жамоат тартибини сақлаш ва хавфсиз муҳитни таъминлаш, фуқароларнинг оғир ижтимоий аҳволга тушиб қолишининг олдини олиш, ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш, “Соғлом оила — соғлом жамият” тамойилларини тарғиб қилиш, репродуктив саломатликни яхшилаш каби муҳим ва долзарб масалаларга аҳамият қаратилди.

Шу куни давлатимиз раҳбарининг топшириғига асосан, аҳолига 23 турдаги пуллик хизматларни кўрсатадиган "Нуробод" маҳалла-сервис компанияси биноси қурилишига старт берилди, Маҳаллалар уюшмаси вилоят бошқармаси, туман ва шаҳар бўлимлари масъуллари, “маҳалла еттилиги”  аъзолари иштирокида 1 гектарга яқин майдонга 2 мингдан зиёд манзарали дарахт кўчати  ўтқазилиб,  "Камбағалликдан фаровонлик сари" дастурига мувофиқ олиб борилаётган ишлар Нуробод маҳалласидаги хонадонлар мисолида ўрганилди.

Муҳокама этилган масалалар юзасидан келгусида амалга ошириладиган ишлар режаси белгилаб олиниб, иштирокчиларга аниқ йўналишлар берилди.  

2024-11-06 |

Янгиликлар